“Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган “Соҳил бўйи” дам олиш йўлаклари ҳамда Улуғбек кўчаси бўйлаб ташкил этилаётган янги дам олиш ҳудудлари тумандаги муҳим лойиҳалардан биридир.
Ушбу лойиҳалар нафақат ҳудуднинг ташқи кўринишини янгилаш, балки аҳолининг мазмунли дам олишини ташкил этишга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида фуқароларнинг ҳар томонлама ҳордиқ чиқариши учун барча зарур шароит яратилиши кўзда тутилган. Жумладан, замонавий кўнгилочар масканлар, оилавий дам олиш зоналари, болалар учун хавфсиз ва шинам ўйин майдончалари, сайр қилиш ва спорт билан шуғулланишга мўлжалланган ҳудудлар барпо этилади.

Шу билан бирга, “Соҳил бўйи” дам олиш маскани тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳам катта имкониятлар очиб беради. Бу ерда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, шинам кафе ва миллий таомлар масканлари, шунингдек, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси учун махсус жойлар ташкил этилади. Натижада янги иш ўринлари яратилади, маҳаллий тадбиркорлар фаолияти қўллаб-қувватланади.

“Соҳил бўйи” дам олиш маскани фойдаланишга топширилгандан сўнг Қоракўл туманидаги энг чиройли ва жозибадор ҳудудлардан бирига айланиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА