French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қоракўлчилик тармоғини ривожлантиришда Ўзбекистон ва Испания ҳамкорлиги
14:00 / 2022-03-25

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва Испаниянинг нуфузли ишлаб чиқарувчи компаниялари, “WES”, “OVIGEN” қўй ва эчкичилик ассоциациялари федерацияси вакиллари ҳамда “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси ҳамкорлигида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 февралдаги  “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижроси доирасида мамлакатимизда қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада насл кўрсаткичларини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ва экспортбоплигини ошириш ва бу борада хорижий тажрибалар билан ўртоқлашиш мақсадида ташкил этилди. 



Маълумотларга кўра, “WES” ва “OVIGEN” компаниялари Испаниянинг наслчилик ва генетика соҳасида юқори тажрибага эга етакчи компанияларидан ҳисобланади. Компания томонидан қўйларнинг АSSAF зоти яратилган бўлиб, мазкур зот ўзининг маҳсулдорлиги юқорилиги билан ажралиб туради. Ушбу компаниялар бир қатор давлатларга уруғ ва эмбрионларни экспорт қилади. 

Қоракўлчилик соҳасидаги амалий ҳамкорлик лойиҳа ва дастурлари ҳамда ҳудудларда майда шохли наслдор моллар етиштириш билан шуғулланувчи қоракўлчилик, наслчилик жамиятлари, наслчилик илмий тажриба станциялари ҳамда кластерлар фаолияти ўрганилиб, соҳада амалга оширилаётган наслчилик-селекция ишлари ва хорижий тажрибалар муҳокама қилинди. 

Қайд этилганидек, мамлакатимизда майда шохли молларни кўпайтириш, уларнинг зотини яхшилаш, замонавий наслчилик лабораторияларини ташкил этиш ҳамда майда шохли моллар озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича янгича ёндашувлар бўйича таклифлар ўрганилади. 

– Испания билан ҳамкорликдан мақсадимиз мамлакатимизда яйловларни яхшилаш ва чорвачилик соҳасини мукаммал ўзлаштирган кадрларни тайёрлаш, тасарруфимизда бўлган 17 миллион гектар яйловларни деградациядан чиқариш, тадбиркорларни жалб этган ҳолда, гўшт, сут, жун йўналишларида юқори самарадорликка эга бўлган қўй ва эчкилар генофондини  шакллантириш ва тармоқни саноатлашган соҳага айлантириш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга сотишни йўлга қўйишдан иборат,– деди “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси раиси Эркин Ҳайитов. – Ҳозирги кунда 2022 йил учун соҳага тегишли 478 та лойиҳа режаси тузилган бўлиб, у 182 миллион долларни ташкил этади. Биз хорижий ҳамкорларни сафимизга қўшилишларидан манфаатдормиз ва ҳамкорликка тайёрмиз.  



Ташриф дастурига мувофиқ майда шохли молларни замонавий усулда сунъий уруғлантириш, уларнинг генетик банкини яратиш, эмбрионларни лаборатория усулида кўпайтириш бўйича Испания тажрибаси асосида замонавий наслчилик лабораториясини қуриш учун энг қулай бўлган ҳудудни танлаш ҳамда унга кетадиган сарф-харажатлар бўйича маълумотлар тўпланиб борилади. 

– Испанияда генетика ва наслчилик соҳасида хусусий тармоқнинг улуши юқори бўлиб, бу чорвачилик тармоғининг ривожига ижобий таъсир ўтказади, – деди “WES” консорциуми президенти Хосе Антониос Эстебан. – Хусусий компаниялар томонидан наслчиликда эришилган илмий ишланмалар чорвачилик хўжаликлари томонидан харид қилинади. Биз асосан майда шохли молларни кўпайтириш учун ҳамкорликни йўлга қўямиз.  



Чорвачиликда генетика ва наслчиликнинг илмий асосларини ривожлантирмасдан самарали фаолиятни таъминлаш имконсиз ҳисобланади. Бунинг учун эса замонавий лабораториялар, малакали мутахассислар ҳамда бозор иқтисодиётига асосланган соғлом рақобат муҳити талаб этилади.  


Гулноза Бобоева, ЎзА