French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қоракўл академик лицейидаги сифатли таълим ўз натижасини кўрсатмоқда
13:17 / 2025-06-24

Бухоро давлат университети Қоракўл академик лицейи ўзига хос ўқитиш методи, таълим-тарбия йўналишидаги тажрибаси, энг юқори салоҳиятли педагог кадрлари ҳамда ўқувчи ёшларининг улкан натижалари билан машҳур. Бу масканда Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, “Эл- юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Тўхтамурод Жумаев яратган “Қоракўл мактаби” тажрибаси асосида, устознинг елкадош бўлган ҳамкасблари, шогирдлари томонидан замон талаблари даражасида ёшларга таълим-тарбия бериб келинмоқда.

Яқинда Қоракўл академик лицейи 2024-2025 ўқув йилини муваффақиятли якунлаб, навбатдаги битирувчиларини катта ҳаёт сари кузатди. Академик лицейнинг 201 нафар битирувчисидан 160 нафари имтиёзли дипломга эга бўлди. Бу эса ўтган йилга нисбатан беш баробар кўп деганидир. 41 нафари эса оддий диплом олди. Шу билан бирга, битирувчиларнинг 95 фоизи миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритиб, олий ўқув юрти талабаси бўлишди. Бу эса лицейда таълим сифати юқори даражада йўлга қўйилганининг, устоз-шогирд анъаналари тизимли давом этаётганининг амалий ифодасидир.

– Бугун юртимизда таълимга, илм-фан ривожига энг биринчи галдаги вазифа сифатида устувор аҳамият қаратилмоқда, – дейди Қоракўл академик лицейи директори Ғолиб Жумақулов. – Бунинг натижасида мамлакатимиз ёшлари ўзининг билим ва салоҳиятини юзага чиқариб, улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритмоқда. Халқаро фан олимпиадаларидаги медаллар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан нуфузли халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчилар учун бир марталик пул мукофоти миқдори 5 карра оширилгани, уларнинг ўқитувчилари учун ҳам пул мукофотлари янада кўпайтирилгани илм-фанга қизиқувчи ёшларимизни янги марралар сари чорламоқда. 

Жумладан, академик лицейимизнинг иқтидорли ўқувчилари ҳам фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Шунингдек, бу йилги битирувчиларимизнинг 44 нафари олтин, 16 нафари эса кумуш медаль билан тақдирлангани, аксарияти муддатидан олдин талаба бўлгани қувонарли, албатта. Бу ютуқлар битирувчиларнинг меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги, ота-оналарнинг доимий қўллаб-қувватлаши, устозларнинг талабчанлиги натижасидир. Устозларимизнинг фидойилиги ва А+А даражадаги сертификатларга эга бўлганлигини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим, – дейди Қоракўл академик лицейи директори. 

Дарҳақиқат, Қоракўл академик лицейи нафақат академик кўрсаткичлар бўйича, балки маънавий-маърифий тарбия, танлов ва олимпиадалардаги муваффақиятлари билан ҳам йилдан-йилга ўз нуфузини ошириб бормоқда. Лицей жамоаси бир тану бир жон бўлиб, ўқувчи-ёшларни юксак салоҳиятли қилиб тарбиялашга, фан чўққиларини эгаллашларига замин яратишмоқда. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА