Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган Бухоро давлат университети қошидаги Қоракўл академик лицейнинг 35 йиллик юбилейига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Бухоро давлат университети ташаббуси билан ташкил этилди. Тадбирда университет вакиллари Олий таълим, фан ва инновациялар вазири номидан юборилган табрикномани иштирокчиларга етказди.

Конференцияда таъкидланганидек, сўнгги ўттиз беш йил давомида Қоракўл академик лицейи мамлакатимиз таълим тизимида ўзининг ўрни ва нуфузига эга бўлган илғор таълим масканларидан бирига айланди. Лицей жамоаси томонидан юксак савияда олиб борилган узлуксиз меҳнат, янгиликка интилиш ва садоқат натижасида бугун бу даргоҳ юртимиз фахрига айланган кўплаб ёшларни вояга етказди.

Лицей фаолиятининг йиллар давомида эришган ютуқлари таҳсинга лойиқ. Хусусан, халқаро ва республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида 1 та олтин, 22 та кумуш ва 37 та бронза медалларига сазовор бўлган. Сўнгги беш йилликда битирувчиларнинг 97 фоиздан 100 фоизгача олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи қайд этилган. 2024 йилда 96 нафар битирувчидан 44 нафари аъло даражали диплом билан тамомлаган бўлиб, 7 нафари олтин ва 7 нафари кумуш медаллар билан тақдирланган. 2025 йилда эса 160 нафар битирувчи аъло даражали диплом, 44 нафари олтин ва 16 нафари кумуш медалга эга бўлди.

Конференция давомида Қоракўл академик лицейи фаолиятининг 35 йиллик тараққиёт йўли, йиллар давомида эришилган ютуқлар, фахрли битирувчиларнинг муваффақиятлари ҳамда ҳозирги авлод ўқувчиларининг ижодий чиқишлари намойиш этилди.

Тадбир доирасида меҳмонлар учун лицей музейи, кутубхонаси, ўқув хоналари ва лабораторияларига саёҳат ташкил этилди. Шунингдек, ўқитувчилар билан учрашувлар, спорт мусобақалари ҳамда маданий-маънавий тадбирлар ўтказилди.

Бугунги кунда лицей ўқитувчилари таълим жараёнига инновацион ёндашувлар, замонавий педагогик методлар ва илғор халқаро тажрибаларни татбиқ этиш орқали ёшларнинг тафаккури ва салоҳиятини янада ривожлантирмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА