Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қора рўйхат”лардан қанча шахс чиқарилди?
12:07 / 2022-03-04

Халқаро терроризм ва экстремизм долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Бу эса ҳушёрликни, экстремистик ғояларнинг келиб чиқиш манбаларини ўрганишни талаб этади.

Шу билан бирга, терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. 

Ўзбекистонда терроризмга қарши курашиш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки мустақилликнинг дастлабки йиллари радикал ғояларнинг тарқалиши оғир ижтимоий-иқтисодий вазиятни юзага келтирган. 

Ўзбекистонда кейинги йилларда бирорта ҳам теракт содир этилмади. Лекин айрим фуқаролар бошқа давлатлардаги жанговар ҳаракатларда иштирок этгани сир эмас. Бу радикаллашишга мойил шахслар билан боғлиқ муаммога ёндашувни қайта кўриб чиқиш ва профилактик чоралар самарадорлигини ошириш заруратини туғдирмоқда. 

Шу муносабат билан Ўзбекистонда асосий эътибор терроризмнинг тарқалишига ёрдам берувчи шарт-шароитлар ва сабабларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилмоқда. Бу борада экстремизм ва терроризмга қарши курашиш концептуал қайта кўриб чиқилди. “Мудофаа доктринаси”, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги, “Миллий гвардия тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши терроризмга қарши курашиш ва профилактика соҳасидаги қонунчиликни мустаҳкамлаш имконини берди. 

Терроризмга қарши ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралар эса миллий қонунчилик ва мамлакатнинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига мос келади. Шу билан бирга, бу жараёнда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳурмат қилишга ҳам эътибор қаратилмоқда. 

Давлат сиёсати террористик жиноятларни содир этишда айбдор шахсларни реабилитация қилиш масалаларига йўналтирилган. Экстремистик ғоялар таъсирига тушиб, ўз хатоларини англаб етган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш, нормал ҳаётга қайтариш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бир пайтлар “қора рўйхатлар”га тушган, кейинчалик тузалиш йўлига кирган шахсларни улардан чиқариш чоралари кўрилди. 2017 йилдан буён 20 мингдан ортиқ киши бундай рўйхатлардан чиқарилди. 

Президентимизнинг афв этиш ҳақидаги фармонларига асосан, инсонпарварлик тамойилига таяниб, қатъий тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида, уларнинг орасида ўз қилмишидан пушаймон бўлган, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида жиноят содир этган 1 минг 324 нафар фуқаро афв этилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилди. 

Уруш зоналарига борган фуқароларнинг ишларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонда махсус комиссия фаолият юритмоқда. Янги тартибга кўра, оғир жиноят содир этмаган ва жанговар ҳаракатларда иштирок этмаган шахслар жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. 

Ўзбекистон фуқароларини можароли зоналардан қайтариш бўйича “Меҳр” гуманитар акциялари амалга оширилди.  Акция натижасида 500 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси, асосан, аёллар ва болалар юртимизга  қайтди. Уларнинг жамиятга интеграциялашуви учун барча шарт-шароит яратилган: таълим, тиббий ва ижтимоий дастурлар, жумладан, уй-жой ва иш билан таъминлаш йўлга қўйилди. 

Энг муҳими, турли ноқонуний йўлларга кириб қолган шахслар кейинчалик қилмишларидан пушаймон бўлиб, халқимиздан кечирим сўраб, тазарру қилаётгани, ҳаётларини янгидан бошлаётганидир.  

  
А.Нормўминов, 
Адлия вазирлиги масъул ходими. 

ЎзА