Хорижий валютани ноқонуний алмаштирганлик учун жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида барча жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Қолаверса, барча банкларда эмин-эркин валюта алмаштириш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилган бўлса-да, айрим фуқароларимиз яратилаётган имкониятлардан фойдаланмасдан, ўз билганларича иш тутаётганлиги ачинарли ҳол, албатта.
Багиров Шахбаз Атаевич (исм шарифлар ўзгартирилган) гарчи бундай шарт-шароитлар мавжуд бўлса-да, парво қилиб ўтирмади. Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги “Созлаб ол” савдо мажмуасида жойлашган озиқ-овқат савдо дўконида 3000 АҚШ долларини, ҳар бир АҚШ долларини 10 минг 350 сўмдан баҳолаб, жами 31 миллион 050 минг сўмга Адбакаров Жанабек Бўтаевичга сотаётган вақтида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Навоий вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланди, ундан 3000 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Албатта, ҳужжатлар расмийлаштирилди ва иш судга оширилди.
Яқинда судланувчи Ш.Багировнинг “иши” суд мажлисида кўриб чиқилди. Амалдаги қонунчиликка биноан суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида шахсини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, тадбиркор эканлигини, вояга етмаган фарзандлари борлигини, жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлигини, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб, унга нисбатан жарима жазоси тайинлашни лозим, деб ҳисоблади.
Натижада унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддаси 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари, яъни 13 миллион 380 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Судланувчи Ш.Багировдан ашёвий далил тариқасида олинган ТИФ Миллий банкнинг Навоий бўлимига вақтинча сақлаш учун топширилган 3000 АҚШ доллари ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг давлат фойдасига мусодара қилинадиган бўлди.
Фаррух Қаҳоров,
жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси.
ЎзА