English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қор қоплонини асраб қолиш зарур
20:48 / 2024-02-11

Самарқандда БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси иштирокчилари конференциясининг “Табиат чегара билмайди” шиори остидаги 14-йиғилиши (CMS COP14) ўз ишини бошлади.

Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция 1979 йилда Германиянинг Бонн шаҳрида қабул қилинган ва 1983 йилда кучга кирган. 133 давлат аъзо бўлган ушбу конвенцияга Ўзбекистон 1998 йилда қўшилган. 1998 йилда Ҳукумат қарори билан биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг биринчи Миллий стратегияси ва Ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Бу маҳаллий флора ва фаунани муҳофаза қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда  тегишли халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берди.  

11 февраль куни Самарқандда халқаро форум муносабати билан БМТ байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси ижрочи котиби Эми Франкел иштирок этди.

Шундан сўнг қор қоплони ва экотизимларни муҳофаза қилиш бўйича глобал дастур (GSLEP) бошқарув қўмитасининг вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда қор қоплонлари яшайдиган мамлакатларнинг атроф-муҳит вазирлари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар ва халқаро молия институтлари (ХМИ) вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, қор қоплони ва унинг экотизимларини асраб-авайлаш нафақат экологик нуқтаи назардан муҳим, балки катта мерос ва маданий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.  

– Ўзбекистонда табиатни асраш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир, – деди А.Абдуҳакимов. – Хусусан, экологик стратегик сиёсат бўйича қатор ҳужжатлар, қарорлар ва чора-тадбирлар режалари, жумладан, 2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2028 йилгача био хилма-хилликни сақлаш стратегияси ва бошқалар қабул қилинди. Ўзбекистонда GEF ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда қор қоплонини сақлаш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширдик. Бу бизга экологик таълимга йўналтирилган иккита ташриф марказини яратиш ва СМАРТ патрул тизимини жорий қилиш имконини берди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан Ғарбий Тянь-Шанда қор қоплонларини сақлаш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолангани ҳам фахрланарли натижадир.

Йиғилишда қор қоплонлари яшайдиган 12 давлат ҳукуматлари, шунингдек, GSLEP котибияти ва ҳамкорлар томонидан 2013 йилда қабул қилинган Бишкек декларациясини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар жамоавий баҳоланди, истиқболдаги устувор режалар белгиланди. Аниқланган молиявий камчиликлар муҳокама қилиниб, келажакдаги ресурсларга бўлган эҳтиёж баҳоланди ва қор қоплонини сақлаш ташаббусларини молиялаштириш усуллари қайд этилди.  

Халқаро молия институтлари ва донор давлатлар иштирокидаги мазкур йиғилиш қор қоплонлари популяциясини сақлаш ва иқлим таъсирига мослашиш мақсадида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, лойиҳаларни бошлаш ва мамлакатга грант маблағларини жалб қилиш имконини беради.  

Бугунги воқеликда глобал исиш ва музликларнинг эриши билан қор қоплонларининг яшаш муҳити ва унинг ўлжа манбаларига тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказаётган иқлим ўзгариши шароитида ушбу қимматли турни сақлаб қолиш учун трансчегаравий ва давлатлараро ҳамкорлик муҳим эканлиги қайд этилди.

[gallery-15919]

Мулоқотни ўз вақтида ўтказиш, қор қоплонларининг яшаш муҳитини асраб-авайлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш муҳимлигини инобатга олиб, йиғилиш якунлари бўйича асосий мажбуриятлар белгилаб берилган Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. У ҳукуматларни, ривожланиш бўйича ҳамкорларни ва молиявий институтларни иқлим ўзгаришига мослашиш ва сақлаш бўйича саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш учун инновацион молиялаштириш механизмларини ўрганиш орқали GSLEP дастури ва тегишли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши (CMS COP14) расмий очилиш маросими 12 февраль куни бўлиб ўтади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов(сурат),

ЎзА мухбирлари