Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қўқон шаҳри Шохрухобод кўчасида жойлашган 26-кўп квартирали уй-жойларни бузиш билан боғлиқ ҳолатлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Айниқса, суд томонидан уй-жойларни бузишни тўхтатиш ҳақида ажрим мавжуд бўлишига қарамай, бузиш ишлари олиб борилаётгани жамоатчиликда жиддий саволларни келтириб чиқарган.
Маълум бўлишича, мулкдорлар билан олдиндан келишувга эришилмаган ҳолда айрим хонадонларнинг том қисми, эшик ва дераза конструкциялари бузилган, шунингдек, газ ва электр таъминоти узиб қўйилган. Бу эса фуқароларнинг конституциявий мулк ҳуқуқлари бузилаётганидан далолат беради.
Мазкур ҳолат юзасидан O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Дилмурод Артиков Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровга депутатлик сўрови юборди.
Сўровда Конституцияга мувофиқ хусусий мулк дахлсиз экани, шунингдек, суд ҳужжатлари барча давлат органлари ва мансабдор шахслар учун мажбурий ҳисобланиши алоҳида таъкидланган.
Депутат уй-жойларни бузиш ишлари қайси ҳуқуқий асосга кўра амалга оширилаётгани ҳамда суд ажримига қарамасдан зид равишда мажбурий бузиш бошлангани бўйича тушунтириш сўраган.
М.Комилова, ЎзА