Кўҳна ва навқирон Қўқон шаҳри иккинчи бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилмоқда.
Муаззам шаҳар ўз бағрига жаҳон ва юртимиз ҳунармандларини жамлади. Бугун эрта тонгдан Қўқон кўчалари янада файзли ва тароватли бўлди. Нуфузли тадбир тантанали юриш билан бошланди. Қўқоннинг нурафшон тонгида қуёш ҳам бу ҳудудга ўзгача меҳр билан нур сочаётгандек гўё. Эрталабдан кўчаларга чиққан хорижий меҳмонлар, ҳунармандлар ва маҳаллий аҳоли Туркистон кўчаси бўйлаб тантанали юришни бошлади.
[gallery-13660]
Карнай-сурнай садолари, ҳилпираётган Ўзбекистон байроғи ва 70 дан ортиқ давлатларнинг байроқлари иштирокчиларда ўзгача кайфият, кўтаринкилик бағишламоқда.
Халқаро ҳунармандчилик музейининг тантанали очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Унда Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Абдураҳмонов, Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад Ал Кадумий, Фарғона вилояти ҳокими Х. Бозоров мазкур фестиваль халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Меҳмонлар музейдаги экспонатлар билан танишди. Ўрда майдонидаги павильонларда хорижлик ва юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазмаси ва савдосини ташкил этган.
Халқ сайллари, фольклор жамоаларнинг концерт дастурлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишламоқда.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА