Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқонда “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивали бўлиб ўтади
16:58 / 2023-07-04

Қўқон шаҳрида жорий йил 11-15 июль кунлари “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивали бўлиб ўтади. Маданият ва туризм вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан Халқаро Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда ташкил этилаётган фестиваль Президентимизнинг 2022 йил 29 июлдаги “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори иловаси билан Фарғона вилоятида ўтказилиши белгиланган маданий-маърифий тадбирлар Дастури доирасида ўтказилади.

Асосий тадбирлар Қўқон университети ҳудудида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган халқаро фестивалга Республикамизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркиядан жами 200 нафардан зиёд фаол ёшлар ва талабалар таклиф этилган.

Фестиваль доирасида китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий-кўнгилочар тадбирлар, ёшлар учун бизнесни ташкил қилиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари, ёшлар билан таниқли театр ва кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари ҳам ташкил этилади.

Фестиваль кунларида бўлиб ўтадиган Туркий тилли ёшларнинг “Дўстлик” кечаси, Қўқон шаҳридаги диққатга сазовор жойларга саёҳат, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, Риштондаги Халқаро Кулолчилик маркази ҳамда Учкўприк туманидаги “Меҳригиё” кичик корхонаси лаванда боғларига ташриф ҳам иштирокчи ёшларга ўзига хос кайфият улашади.

“Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивалининг ёпилиш маросими ва санъат юлдузлари иштирокидаги гала-концерт Ўрда майдонида бўлиб ўтади.

М.Сулаймонов, ЎзА