Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқонда рeновация асосида кўп қаватли турар-жой бинолари қуриш ишлари бошланди
11:22 / 2024-07-24

Сўнгги уч йилда Қўқонда бор-йўғи 630 та хонадонли 17 та кўп қаватли уйлар қурилгани шаҳар эҳтиёжи учун етарли бўлмаяпти. Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида буни алоҳида қайд этиб, “Янги Ўзбекистон массиви” лойиҳасини маҳаллагача туширилиши белгиланди.

Шаҳар ва туман марказларида 5 тадан эски маҳаллалар танлаб олинади, уларда 7-10 қаватли уйлар қуриш учун хусусий сектор жалб қилинади, уйлар биринчи галда ушбу маҳалла аҳолисига берилади.  

Шунингдек, мутасаддиларга Қўқондаги биринчи “Маҳалла массиви” қурилишини бошлаш учун жой танлаш ва лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Президентимизнинг мазкур топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишлар бошланди.  

Қўқон шаҳар Ғиштли масжид маҳалласининг Мовароуннаҳр кўчасидаги 3 та 2 қаватли маънан эскирган турар жой биноси ўрнига Реновация дастури асосида янги 3 та 9 қаватли жами 134 хонадондан иборат турар-жой биноси қурилишига киришилди.  

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов маҳалладаги хонадон эгалари билан учрашувда бу каби ишлардан мақсад одамларга муносиб турмуш шароитлари яратиш эканлигини қайд этди. Кўп қаватли уйлар битгунга қадар ушбу уйларда яшовчи фуқароларнинг яшаб туриши учун уй-жой берилиши, кейинчалик хонадон эгаларига майдони эски уйларидан кам бўлмаслик шарти билан янги бинодан бепул хонадон тақдим қилиниши, ушбу турар-жойларга кириб ортиқча сарф қилмасдан яшашлари мумкинлиги маълум қилинди. Қурувчиларга ҳам қурилиш ишлари сифатли бўлиши, жараёнлар доимий назорат қилиб турилиши тушунтирилди. 0,43 гектар майдонда барпо этилаётган кўп қаватли турар-жой биноларига қўшимча равишда автотураргоҳ, болалар майдончалари, йўлаклар ва яшил майдон ташкил этиш ҳам белгиланган.  

Хонадон эгалари давлатимиз раҳбарининг вилоят ривожи, ўзларига берилаётган алоҳида эътиборлари учун ўз миннатдорчиликларини изҳор қилди. Нуронийлар бошланаётган қурилиш ишларини хайрли бўлишини тилаб, дуо қилишди.  

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири