Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқонда касблар фестивали
10:08 / 2025-03-01

Мамлакатимизда ёшларнинг илм олишлари ва касб-ҳунар эгаллашларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, уларнинг нечоғли билимли ва интеллектуал дунёқарашга эга бўлишлари юртимиз келажагини, соҳалар тараққиётини белгилайди. Ўқувчи-ёшларни ўзлари қизиққан касб-ҳунарга йўналтириш, рақобатдош касбларни эгаллашга қизиқтириш эса долзарб вазифалардан саналади.

Таъкидлаш керак, янги ташкил этилган техникум ва политехникумларга эндиликда умумий ўрта таълим мактабларининг 9 ва 11-синф битирувчилари қабул қилинади. Қўқон шаҳар 2-сон политехникуми жамоаси ҳам бунга жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Политехникумга Фарғона техника университети бириктирилган бўлиб, ўрта бўғин кадрларини тайёрлашда, илмий ва иннновацион лойиҳаларни амалга оширишда, касбий таълим сифати ва самарадорлигини юксалтиришда кўмаклашади.  

Қўқон шаҳар 2-сон политехникумида 2025-2026 ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилиш бўйича тарғибот тадбири доирасида ўтказилган касблар фестивалида ана шу жиҳатга урғу берилди. Фестивалда шаҳар ва атроф туманлардаги мактабларнинг минг нафарга яқин 9-11 синф битирувчилари, мактаблар раҳбарлари, ота-оналар ва иш берувчи корхона-ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.  

Политехникум фаолияти, 12 та касб йўналишлари, ўқув амалиёти ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги кўргазмалар намойиш қилинди. Қўқон шаҳридаги механика заводи, “Автотеххизмат”, “Bulut textile”, “Тараққиёт” масъулияти чекланган жамияти, “Фарғона сув таъминоти” ва “Водий газ таъминот” корхоналарининг шаҳар бўлими мутасаддилари томонидан кадрларга эҳтиёж, ишчиларнинг меҳнат шароити ва малакасини ошириш масалалари борасидаги тушунтиришлари барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Политехникум ўқувчилари томонидан яратилган техник ижодкорлик буюмлари, ижодий ишлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

– Бугунги касблар фестивалига Қўқон шаҳридаги 46 та, шунингдек, атроф ҳудуддаги 10  та умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилар таклиф этилди. Тадбир ўқувчиларимизда катта таассурот қолдирди. Ушбу политехникумда ўқиш истагини билдирганлар кўп бўлди, – дейди шаҳардаги 14-мактаб психологи Ҳурриятхон Ҳайдарова. – Бундай тадбирлар ёшларга тўғри йўналиш беришимизда, ўзлари қизиққан касб-ҳунарни эгаллашларида муҳим аҳамиятга эга.  

Мазкур таълим муассасаси ўқувчилари ўз иқтидор ва билимини намойиш қилиб, қатор танловларда ғолибликни қўлга киритиб келишмоқда. Жумладан, тикувчилик маҳсулотлари дизайнери йўналиши ўқувчиси Нодирахон Илҳомжонова жорий йил 30-31 январь кунлари бўлиб ўтган “Йилнинг энг фаол ўқувчиси” республика кўрик-танловида қатнашиб, диплом билан тақдирланди.  

Касблар фестивалида Нодирахон ва унинг гуруҳдошлари ўзларининг бадиий-ижодий чиқишлари, намойиш этган миллий либослар кўргазмаси  билан олқишга сазовор бўлдилар.

М.Сулаймонов, ЎзА