Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқонда касблар фестивали
11:54 / 2024-02-29

Халқимизда “Ҳунарли хор бўлмас” деган пурҳикмат нақл бор. Шу боис ҳам мамлакатимизда ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароит яратилмоқда.

Қўқон шаҳридаги касб-ҳунар мактабида бўлиб ўтган “Касблар фестивали” ҳамда  “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ўғил-қизлар ўзларини қизиқтирган касб-ҳунарлар бўйича маълумотлар олишди. Олий таълим, фан ва инновация бошқармаси, Қўқон шаҳар ҳокимлиги  билан ҳамкорликда  ташкил этилган фестивалда касб-ҳунар мактабининг ҳунарманд ёшлари, ҳудуддаги ўрта умумтаълим мактабларининг  9-синф ўқувчилари ҳамда мураббийлар иштирок этди.

Мазкур касб-ҳунар мактабида 818 нафар ўқувчи таълим олиш билан бирга 13 та касб-ҳунар йўналишида назарий ва амалий билим олиб келмоқда. Бу   ерда тикувчилик касби бўйича дуал таълим ташкил этилган бўлиб, 27 нафар ўқувчи 3х3 таълим шаклида ўқиш билан бирга  “Karimova Mushtariy” тикувчилик  корхонасида амалиёт ўтайди.

Ҳар бир йўналишдаги ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётлари  шаҳар ҳудудида жойлашган  юздан ортиқ йирик ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлари билан тузилган икки томонлама шартнома асосида олиб борилаётгани   яхши самара бермоқда.

Ўтган йилда  мактабнинг  махсус фан ўқитувчиси Моҳирахон Абдураҳмонова  “Аёллар кийимини конструкциялаш ва моделлаштириш” фанидан ўқув қўлланмаси нашр этди. “Тикувчилик материалшунослиги” фанидан тайёрлаган электрон дарси “Энг яхши рақамли таълим ресурси” Республика танловида фахрли ўринни эгаллади. Устознинг бу борадаги изланишлари бесамар кетгани йўқ. У иккинчи даражали  “Соғлом авлод учун” ордени ҳамда “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ишлаб чиқариш таълими устаси Нодиржон Турсунхўжаевнинг ”Табиий ва сунъий газлар” фанидан тайёрлаган электрон дарслиги ҳам  “Энг яхши рақамли таълим ресурси” республика танловида фахрли 3- ўринни эгаллади.  

Касблар фестивалида мазкур йўналишда ўқиб, ҳунар эгалари бўлиб камолга етаётган иқтидорли ёшлар томонидан тайёрланган либослар намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

–- Ҳар иккала тадбирнинг бирга ўтказилаётгани  ёшларнинг  касб-ҳунар мактаби  ҳаёт тарзи, имкониятлари ҳақида тасаввурларини бойитишга хизмат қилади, –дейди вилоят Олий таълим, фан ва инновация  бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Юнусов. – Қолаверса, бундай мулоқотларни битирувчи ёшлар ўтган вақт давомида олган назарий ва амалий кўникмаларининг ҳисоботи сифатида баҳолаш мумкин. Бундай  учрашувларни тез-тез ўтказиб, касб-ҳунарга қизиққан ёшлар, устозлар билан ҳамкорликда  иш олиб бориш муҳим вазифалардан. Шу мақсадда касб–ҳунар мактаблари моддий- техника  базасини ривожлантириш, бозор талабларига мос янги йўналишлар ва касб эгалари тайёрлашга эътибор беряпмиз.

Битирувчи ёшлар ўзлари эгаллаган ўндан ортиқ ихтисослик ва касблар бўйича кўргазмалар ташкил этди. Ўқувчилар томонидан яратилган инновацион қурилмалар, ҳаракатли макетлар ва техника ижодкорлиги маҳсулотлари, пайванд-конструкциялар, электр ва автомобилсозлик, компьютер графикаси, сув ва  сув истеъмоли операторлари, чилангарлик, тўқувчилик йўналишларидаги ижодий ишлар иштирокчиларда ўзига хос қизиқиш уйғотди.

–Касб-ҳунар мактабига яқин жойлашган 36-умумтаълим мактабининг 9- синфида ўқийман,–дейди  Қобилжон Маҳмудов.– Автомобилсозликка  қизиқаман. Бу ерда мазкур  касб-ҳунар йўналишидаги имконият, шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб олдим.  

Касблар фестивалига  қизиқарли танловлар, таълим муассаси қошидаги бадиий жамоаларнинг дастурлари ўзгача файз, кўтаринкилик бағишлади.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири