Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқонда касбга ўқитиш инновацион маркази иш бошлади
09:43 / 2021-08-25

“Қўқон механика заводи” акциядорлик жамияти қошида Касбга ўқитиш инновацион маркази ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади.

Фарғона вилоятида тадбиркорлик субъектлари ва корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани истиқболли лойиҳаларга туртки бўлмоқда. Буни “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамияти мисолида яққол кўриш мумкин. Айни кунларда бу ерда 350 дан зиёд ишчилар, муҳандислар ва техниклар меҳнат қилмоқда. Завод нефть-газ саноати, кимё саноати  қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари учун ностандарт ускуналар ва жиҳозлар тайёрлашга ихтисослашган. Мустақиллик йилларида корхонада бир қатор модернизация ишлари амалга оширилди, янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Касбга ўқитиш инновацион марказнинг ташкил этилиши эса ёшларни касб-ҳунарга ўргатишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўқув марказининг очилиш маросимида Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этди ҳамда бу ердаги шароитлар билан танишди.

Давлатимиз раҳбари томонидан берилган профессионал таълим тизимини меҳнат бозоридаги талаб ва халқаро андозаларга мос янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилиш кўрсатмаси асосида ташкил этилган ушбу инновацион ўқув марказида металга механик ишлов бериш, пайвандлаш иши, электромонтажчи касблари бўйича таълим жаҳон стандартларига жавоб берадиган ўқув дастурлари асосида олиб борилади.

[gallery-3574]

Вилоят раҳбарининг 2020 йил ноябрь ойида “Қўқон механика заводи” АЖ фаолияти билан танишуви чоғида корхона қошида касбга ўқитиш инновацион марказини ташкил этиш ташаббуси ўртага ташланиб, бу лойиҳа вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Вилоят ҳокимлиги томонидан бир миллиард сўм маблағ ажратилди, жисмонан эскирган ва кўп йиллар бўш турган бино қайта реконструкция ва жиҳозлаш натижасида замонавий ўқув марказига айлантирилди.  

Умумий қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган ўқув маркази ташкил этиш лойиҳаси доирасида Европа мамлакатларида тан олинган рақамли бошқарувдаги ўқув комплекслари келтирилди, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган ўқув лаборатория ва тренажёрлар билан жиҳозланди.  

Бошқа ўқув марказларидан фарқли ўлароқ бу ерда ўқувчилар оладиган назарий таълим  тренажёрларда маҳоратни синаш ҳамда бевосита ишлаб чиқариш шароитидаги “устоз-шогирд” анъанасида бериладиган билим билан мустаҳкамланади. Касбга ўқитиш инновацион ўқув марказида ўқувчининг малака кўникмалари махсус дастурлар орқали назорат қилиниши эътиборга лойиқ. Машинасозлик деталларини лойиҳалаштириш, махсус дастурлар ёрдамида чизмаларни ва тайёрланиш технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда рақамли бошқарувдаги дастгоҳларда ушбу деталларни тайёрлаш жараёни ўргатилади ва касбий кўникмалар шакллантирилади.

 

М. Сулаймонов, ЎзА