Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқонда бўлиб ўтган белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун жаҳон чемпионатида фарғоналик спортчилар 18 та медални қўлга киритди
15:11 / 2022-05-27

ФОТОРЕПОРТАЖ

Қўқон шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон Президенти соврини учун белбоғли кураш бўйича 2005-2006 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Унда Россия, Мўғулистон, Озарбайжон, Беларусь, Исроил, Грузия, Ҳиндистон, Молдова, Руминия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби дунёнинг 20 га яқин давлатидан 182 нафар энг кучли ёш спортчилар қатнашди.

Чемпионатда ўсмирлар 11 та вазн тоифаларида, қизлар 7 та вазнда ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Натижаларга кўра, умумжамоа сифатида Ўзбекистон 1-ўринни, Тожикистон 2-ўринни ҳамда Қирғизистон 3-ўринни эгаллади.

Эътиборлиси, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида фарғоналик спортчилари ҳам иштирок этиб, жами 18 та медаллар шодасини қўлга киритди.

Шаҳриёр Муқимов, Фахриддин Мухаммаджонов, Заҳро Маҳмудова олтин медаль билан тақдирланган бўлса, Озодбек Салимов, Асадбек Далилов, Илёсбек Сотволдиев, Элёржон Абдураимов, Мушарраф Муродалиева, Жумагул Эркинжонова кумуш медалларга эга чиқди.

Шунингдек, Нажмиддин Умаров, Бунёдбек Расулов, Абдуллазиз Сойибов, Диёрбек Сатторов, Шукурилло Маматкаримов, Моҳларой Дўсматова, Ферузабону Муродилова, Насибахон Акбарова, Райҳонахон Маматкаримова бронза медалларига муносиб кўрилди.

Жаҳон чемпионати баҳслари якунлангач, ташкилотчилар томонидан ҳар бир вазн тоифасида биринчи ўринни қўлга киритган спортчиларга 5 миллион сўм, иккинчи ўринга эга бўлган спортчиларга 3 миллион сўм, иккита учинчи ўринни эгаллаган полвонларга 2 миллион сўмдан пул мукофотлари ҳамда диплом ва медаллар топширилди.

Мусобақа Фарғона вилояти ҳокимлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

[gallery-7308]

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат) ЎзА