Ўзбекистон ҳунармандчилик намуналари дунёнинг энг нуфузли музейларидан жой олган. Айниқса, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, зардўзлик маҳсулотлари машҳур. Шунинг учун ҳам илк бор 2019 йилда Қўқонда I Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилганида дунёнинг 60 га яқин давлатидан нафис санъат усталари келган эди. Иккинчи фестиваль ҳам иштирокчиларнинг кўплиги, дунёнинг энг танилган усталари қатнашгани билан тарихда қолган. Мана энди Қўқон ва Риштон навбатдаги фестиваль ҳамда форумга ҳозирлик кўрмоқда.
– 80 та мамлакатдан 250 га яқин хорижий иштирокчилар келиши кутилмоқда. Фестиваль доирасида кўргазмалардан ташқари, илмий-амалий конференция, маҳорат дарслари, халқ сайллари ўтказилади, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов – Фестивалда ёш ҳунармандлар ўртасида ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, темирчилик, заргарлик, кулолчилик ва тўқувчилик йўналишларида алоҳида – алоҳида танловлар ҳам ташкил этилади...


2023 йилда Риштонда I Халқаро кулоллар фестивали ташкил этилди. Бу йил 19-21 сентябрда Риштон дунё кулоллари пойтахтига айланади. Ҳозирданоқ Америка, Япония, Хитой каби кулолчилик мактаби ривож топган мамлакатлар вакиллари фестиваль ва форумда иштирок этишларини тасдиқлади.
– Ҳунармандлар онлайн анкета топшириш йўли билан иштирок этиш учун рўйхатдан ўтмоқда. Улар ташкилий қўмита томонидан кўриб чиқилади, – дейди Расулжон Мирзааҳмедов. – Шунингдек, фестивалга хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда туризм соҳаси агентликлари ҳам таклиф этилган. Фестивални кузатиш учун минглаб сайёҳлар келиш истагини билдиряпти. Ўйлайманки фестиваль орқали биз миллий маданиятимиз ва тарихимизни намойиш этамиз.


Ташкилий қўмитанинг йиғилишида “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов, Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновлар фестиваль ва форумга тайёргарликнинг бориши ҳақида ахборот берди. Режадаги вазифалар белгилаб олинди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jVDKuqAfrzw" title="Qo‘qon xalqaro festival va forumga mezbonlik qiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов