Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқон ва Риштон дунё ҳунармандларини ўз бағрига чорламоқда
17:43 / 2023-09-07

2023 йил 21-23 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида II халқаро ҳунармандчилик фестивали ва Риштон туманида халқаро кулолчилик форуми ўтказилади.

Мазкур нуфузли анжуман халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, номоддий маданий меросимиз бўлган кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Фарғона вилоятида фестивалга катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида халқ амалий санъати ва ҳунармандчиликнинг энг қадимий турлари, анъаналари, ўзига хос услублари ҳамда мактаблари сақланиб қолган мамлакат сифатида алоҳида ўринга эга. Олиб борилаётган ислоҳотлар ҳунармандлик соҳасида ривожланиш, тараққиёт йўлидан бориш имкониятини яратиб берди. Ҳунармандларимиз қўл меҳнати билан яратаётган маҳсулотлар аллақачон жаҳон бозорида ўз ўрнини топган. Фарғона вилоятида ҳам мазкур соҳа жадал ривожланиб, ҳунармандлар сафи тобора кенгаймоқда.  

– Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Риштон тумани ҳунармандчилик борасида ўзига хос мактаб яратган, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. – Юртимизда соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ҳунармандларимизни руҳлантириб, янада куч-ғайрат билан ишлашга, бетакрор санъат асарлари яратишга ундамоқда Ҳунармандчилик субъектлари, жумладан, "Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Бугунги кунда вилоятимизда 4 минг 500  нафар ҳунарманд рўйхатдан ўтган бўлиб, улар самарали фаолият олиб бормоқда. Шаҳар ва туманларда замонавий талаблар асосида 21 та Ҳунармандлар маркази қурилди.

Илк бор ўтказилган халқаро ҳунармандчилик фестивалида Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” деган мақом берилди. Яъни Қўқон шаҳри дунё ҳунармандчилик харитасида ҳам муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.  

Икки минг йиллик шонли тарихга, сўлим табиатга эга, қанча-қанча буюк воқеаларга гувоҳ бўлган Қўқон шаҳри ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Устоз-шогирд анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, чилангарлик, заргарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда.

Айтиш лозимки, 2019 йилда биринчи бор ўтказилган “Халқаро ҳунармандчилик фестивали”да 78 та мамлакатдан 570 нафар иштирокчи, юртимизнинг 14 та ҳудудидан эса 1000 дан ортиқ маҳаллий ҳунармандларимиз иштирок этиб, тадбирга бир миллиондан ортиқ ташриф буюрувчи ва хорижий сайёҳлар келган. Ушбу нуфузли тадбирнинг ўтказилиши натижаларига кўра, Қўқон шаҳрига сайёҳлар оқими 10 баробарга, ҳунармандлар сони 3,5 баробарга, меҳмонхоналар 2,5 баробарга ошди. Айни кунларда II халқаро ҳунармандчилик фестивали ва унга уйғун ҳолда Риштон туманида Халқаро кулолчилик форуми ўтказилиши учун фестивал ташкилий қўмитаси томонидан юқори даражада тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Фестивал веб-сайти уч (ўзбек, рус, инглиз) тилда (http://handicrafters.uz) яратилди. Веб-сайтда фестиваль, миллий ҳунармандчилик, ҳунармандлар, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилди.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига 5 та қитъадан 220 дан ортиқ, Кулолчилик форумига 50 дан ортиқ ҳунарманд, бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари,  конференция иштирокчилари ҳамда нуфузли ташкилот вакилларидан иборат фахрий меҳмонлар, халқаро ҳунармандчилик ташкилоти мутахассислари, Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши раҳбарлари, Санта-Фе (АҚШ) “Халқаро халқ амалий санъати бозори” фестивали, йирик кўргазма ташкилотлари вакиллари таклиф этилди.

[gallery-13484]

Шу билан биргаликда мамлакатимиздан минг нафардан зиёд ҳунарманд иштирок этади. Фестиваль доирасида хорижлик ва маҳаллий соҳа вакиллари иштирокида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция ҳам ўтказилади. Фестиваль тадбирларини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари кенг ёритиб боради.

Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар, моҳир кулоллар шаҳри Риштон ҳамда Фурқат тумани бўйлаб саёҳат ўтказилади.

Бугунги кунда Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, хорижий меҳмонлар ва фестиваль иштирокчилари ташриф буюриши кўзда тутилган тарихий обидалар, Қўқон миллий ҳунармандчилиги намоёндаларининг устахоналари, маданий дам олиш маскани фестиваль иштирокчилари ҳамда меҳмонлар ташрифи учун тайёрланмоқда.  

Риштон тумани қадимдан Марказий Осиёдаги сирланган сопол буюмлар маркази ҳисобланади. Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради.  

Тарихдан маълумки, ўрта асрларда карвон йўллари чорраҳасида жойлашган Риштон тез суръатларда ривожланиб, Буюк ипак йўлидаги асосий тўхташ жойи ҳамда савдо-сотиқнинг асосий марказига айланган.  

Кейинчалик бу ерда жоме масжиди қурилган. Кулоллар чинни ишлаб чиқариш усулини Қашғар ва Эрон давлатларидан олиб келган. Риштон буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулолчилик намуналарига ўхшамайдиган бу санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилиниши ҳамда жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлиши Риштон кулолларининг истеъдодидан далолат беради.

Риштондаги уста Иброҳимжон Комилов, Бобожон Нишонов, Ҳакимжон Сатторов, Шарофиддин Юсупов, Алишер Назиров, Рустамжон Усмонов сингари машҳур кулоллар яратган маҳсулотлар ҳали-ҳануз барчани ҳайратга солиб келмоқда. Бугунги кунда кулолчилик йўналишида банд бўлган усталар сони 2 минг 435 нафарга ҳамда шогирдлар сони 6 минг 867 нафарга етди.

Кулолчилик форуми доирасида халқаро илмий-амалий конференция, кулолчилик мактабларининг маҳорат дарслари, тақдимот ва намойишлар, кўргазма-савдолар, театрлашган концерт-томоша дастурлари, маданий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган кулолчилик мактабларининг машҳур халқ амалий санъати усталари томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилади. Кулоллар ва бошқа ҳунармандларга шогирд тушмоқчи бўлган ёш ҳаваскорлар тадбирларда иштирок этиб, лойдан кулолчилик маҳсулотларини ясаши, уларга нақш бериши, пишитиш жараёнларида бевосита иштирок этиши мумкин.

М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат), ЎзА мухбирлари