Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқон университети тажрибаси оммалаштирилди
17:10 / 2026-03-02

Бугун Қўқон шаҳридаги Қўқон университетида ёшлар сиёсати, замонавий таълим ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Унда мамлакатдаги давлат, нодавлат университетлар ректорлари, хорижий олий таълим муассасаларининг юртимиздаги филиаллари раҳбарлари иштирок этдилар.  

24 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Илҳом Сирожев, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов иштирок этди.

Президент ўз нутқида Қўқон  университети томонидан замонавий асбоб-ускуналар, техника ва лабораториялар билан жиҳозланган 400 ўринли ўқув маркази ишга туширилганини алоҳида қайд этган эди. Ушбу марказда эҳтиёжманд оилалар фарзандларини дастурлаш, сунъий интеллект ва робототехника йўналишларида 6 ойлик бепул курсларда ўқитиш режалаштирилган. Мазкур ташаббус орқали йилига 5 мингдан зиёд уюшмаган ёшларни замонавий билимлар билан қамраб олиш имконияти яратилиши таъкидланган.

Семинарда ушбу вазифаларни амалий босқичга олиб чиқиш, қамровни кенгайтириш ва ҳудудларда мазкур тажрибани оммалаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Қўқон университети ҳамкорлигида Фарғона вилояти ёшларини дастурлаш, сунъий интеллект, робототехника ва СТEАМ фанлари бўйича бепул ўқитишга қаратилган махсус курслар ташкил этилмоқда.

Ҳозирги кунда университет ҳузурида 200 ўринли “Ёшлар ИТ академияси” ҳамда 1 650 ўринли СТEАМ фанларига ихтисослашган ўқув бинолари барпо этилиб, 200 та замонавий компьютер ўрнатилган, робототехника ва физика лабораториялари замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Лойиҳа доирасида 1000 нафардан ортиқ ёшлар дастурлаш, сунъий интеллект, робототехника, СТEАМ фанлари ҳамда инглиз тили бўйича бепул таълим олади.

Йиғилиш якунида Президент томонидан илгари сурилган ташаббусларни тўлиқ ва самарали амалга ошириш, эҳтиёжманд ёшларни қамраб олиш кўламини кенгайтириш ҳамда ҳудудий ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА