Шу кунларда Фарғона вилоятида шамол кучайди. Айниқса, Бешариқ, Ўзбекистон туманлари ва Қўқон шаҳри аҳолиси уни яққол ҳис этди. Аммо бу одатий ҳол. Чунки Фарғона водийсининг “дарвозаси” деб аталмиш бу ҳудуд икки ёни тоғлардан иборат.
Кучли ҳаво оқими ана шу тор йўлакка келганида табиатан тезлиги ошади. Мутахассислар айнан шу ерда шамол кучидан фойдаланиш лозим деб ҳисоблайдилар. Шу сабабми, ҳар ҳолда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев Хитойнинг “Чина Мачинерй Интернатионал Энгинееринг Десигн & Ресеарч Институте Cо., Лтд.” (CМИE) компанияси бошқарув раиси Ванг Широнгни қабул қилганда Фарғона вилоятида 2-5 ГВт қувватли шамол энергияси лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Хўш, бўлажак шамол станциялари айнан вилоятнинг қайси тумани ҳудудида бўлади, ҳали якуний қарор қабул қилингани йўқ. Аммо Хитой компаниясининг бой тажрибаси асосида Фарғона вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган шамол энергияси лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, бу борадаги ҳамкорлик режалари келишиб олинди.

Илгарироқ вилоятда муқобил энергия олиш учун қуёш панеллари ўрнатиш урф бўлганди. Хўш, Фарғона вилоятида шамол қуввати электр қувватига айланадими? Буни вақт кўрсатади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА