Қўқон шаҳрида ёш жуфтликнинг никоҳ маросими кутубхонада ўтказилди
Қўқон шаҳридаги Амирий кутубхонасига ташриф буюрганлар ноодатий ҳолатнинг гувоҳи бўлдилар. Гап шундаки, бу ерда ёш жуфтликнинг никоҳни қайд этиш маросими бўлиб ўтди. Унда келин-куёвнинг яқинлари, дўстлари, қариндошлари қаторида Қўқон шаҳар ҳокими М.Усмонов ҳам иштирок этди.
Никоҳ қайд этилишидан олдин М.Усмонов ёшларни ҳаётидаги унутилмас кун билан қутлаб, оила – бу улкан масъулият экани, ҳар бир оиладаги соғлом маънавий-руҳий муҳит келгусида фарзандлар тарбиясида ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади. Соғлом маънавий-руҳий муҳит эса маърифатдан, зиёдан бошланади. Маърифатли, зиёли бўлмоқ китобни севмоқ, чин маънода китобхонга айланмоқ деганидир.
[gallery-14332]
- Ёш оиланинг янги ҳаёти кутубхонадан бошланаётгани ибрат ва намунадир, - деди Қўқон шаҳар ҳокими.
Келин-куёв никоҳ маросимидан кейин Амирий кутубхонаси олдидаги яшил майдонда эзгу ният билан кўчат экдилар.
ЎзА фотомухбири
Муқимжон Қодиров олган суратлар