Қўқон шаҳар ҳокими веломарафонда маррага биринчи бўлиб етиб келди
Айни кунларда Қўқон университетида “TechnoWays“ технологик ривожланиш марафони бўлиб ўтмоқда. Унинг доирасида ўтказилган тадбирлардан бири- велопойгада 200 га яқин иштирокчилар қаторида Қўқон шаҳар ҳокими, университет ректори ва сектор раҳбарлари 8500 метрлик масофани босиб ўтдилар.
Қўқон шаҳрининг марказий кўчаларини кезиб ўтган ҳаваскор велопойгачилар йўллар бўйидаги олқишлаб турган турли ёшдаги аҳолини ҳам ўзига жалб этди.
Соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш билан бир қаторда веломарафон “TechnoWays“ иштирокчиларини Қўқон шаҳри билан яқиндан таништириш, ўзаро биродарлик ришталарини боғлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилди.
Велопойга мухлислари олқишлари остида финиш чизиғини биринчи бўлиб, Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов кесиб ўтди. Шаҳар ҳокими барча иштирокчиларга фаоллик учун миннатдорчилик изҳор этиб, эсдалик учун биргаликда суратга тушди.
М. Сулаймонов, ЎзА