Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқон олимпиадаси: ўқувчилар автомобиль соҳиби бўлишга яқин қолди
10:51 / 2021-03-14

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида математика фанидан ўтказилаётган Қўқон олимпиадасининг биринчи босқичи – ёзма иш топшириш кеча ўтказилган эди.

Бугун якуний босқич – тест имтиҳонлари бошланди.

Бугун об-ҳаво бироз ноқулай бўлганлиги боис олимпиаданинг иккинчи куни Қўқон университетининг синфхоналарида ўткзилмоқда. Шундай бўлсада ота-оналарга ваъда қилинган шаффофлик ҳам кўнгилдагидай таъминланмоқда. Ҳар бир хонага кузатув камералари ўрнатилган ҳолда ота-оналарнинг бевосита кузатиб боришига шароит яратилган.

Имтиҳон вақти тугагач 20 та саволдан иборат тест ва кеча ўтказилган ёзма иш натижаларининг баллари умумлаштирилгандан кейин ғолиблар аниқ бўлади. Учта гуруҳнинг мутлақ ғолибларига автомобиль топширилади.

Ушбу олимпиада истеъдодли ёшларни қидириб топиш, уларнинг иқтидорини жамият ривожи йўлида сафарбар этиш, инвестицион мотивация асосида ёш математикларнинг селекциясини амалга ошириш, математик билимларини синовдан ўтказиш, нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишларига кўмаклашиш ва шу асосда техник тараққиётнинг жадаллашишига замин яратишга хизмат қилди.

Ёшларнинг билимга, илмга бўлган қизиқишларини янада оширишга қаратилган “Қўқон олимпиадаси” ҳар жиҳатдан уюшқоқлик билан юқори савияда ташкил этилди. Келгусида ушбу олимпиада ёш математиклар интиқиб кутадиган ақлий беллашувлардан бирига айланиши, шубҳасиз.

Муқимжон Қодиров(сурат), ЎзА