Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида “Япон саноат парки” ташкил этилади
18:55 / 2023-03-09

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Япониянинг “Japan DX Co., Ltd” директорлар кенгаши ижрочи раиси Сожи Сузуки бошчилигидаги кунчиқар юрт ишбилармонларини қабул қилди.

Самимий мулоқот чоғида ҳамкорлик истиқболлари, ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз борди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти делегациясининг 2022 йилнинг декабрь ойида Японияга қилган амалий ташрифи, инвестициявий келишувлар, таълим тизимидаги ўзига хос япон тажрибаси, олган таассуротлари ҳақида тўхталиб ўтди. Фарғона вилояти, жойлашган ўрни, аҳолиси, мавжуд имкониятлари тўғрисида маълумот берди. Вилоятда қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни қайта ишлаш йўналишларида ва Япон боғини ташкил этиш мақсадида япон корхоналари рўйхатдан ўтиб, фаолият бошлаганига меҳмонлар эътиборини қаратди.

Шунингдек, “Япон саноат зонаси” ни ташкил этиш юзасидан тўхталиб, япониялик ишбилармонларга кўмак беришга, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди. “Japan DX Co., Ltd” директорлар кенгаши ижрочи раиси Сожи Сузуки қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда, хусусан, Фарғонада инвесторларга яратилган имкониятларга юқори баҳо берди ва бундан самарали фойдаланишларини таъкидлади.

Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида “Япон саноат парки” ни ташкил этиш бўйича англашув меморандумини имзоладилар. Унга кўра, Япониянинг замонавий технологияларини олиб келиш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилгани қайд этилди.

Маълумот ўрнида, “Japan DX Co., Ltd” компанияси 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, Марказий Осиё иқтисодий салоҳияти ва япон технологияларига асосланган ҳолда корхоналар ва бошқа ташкилотлар учун инновацион ғоялар яратиш билан шуғулланади. Корхонанинг асосий ғояларидан бири бу Марказий Осиёни яратиладиган янги стартап лойиҳалари учун ўзига хос хаб даражасига олиб чиқишдан иборат.

М.Сулаймонов, ЎзА