English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқон давлат университети: “Миллий таълим музейи”ни ташкил этиш ташаббуси муҳокама қилинди
13:03 / 2025-07-23

Қўқон давлат университети ректори Дилноза Хўжаева бошчилигидаги делегациянинг Чехияга хизмат сафари давомида қатор нуфузли олий таълим ва илмий муассасалар, шунингдек, саноат корхоналари билан учрашувлар ўтказилди ва янги ҳамкорлик келишувларига эришилди.

Ташриф доирасида делегация Прага шаҳридаги Карлов университетида бўлиб, университетнинг талабалар учун яратилган имкониятлари, илмий марказлари ва кутубхона фаолияти билан яқиндан танишди. Карлов университетининг кўп асрлик тажрибаси, илмий салоҳияти ва замонавий инфратузилмалари ҚўқонДУ учун қимматли тажриба манбаи бўлди.  

Делегация, шунингдек, Ян Амос Каменский номидаги Педагогика музейини зиёрат қилди. Ташриф давомида томонлар ҚўқонДУ қошида “Миллий таълим музейи”ни ташкил этиш ташаббусини муҳокама қилиб, келгусидаги илмий-маърифий ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олди.  

Чехиянинг Либеретс техника университетида ўтган учрашувларда илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорлик, қўшма лойиҳалар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви бўйича музокаралар олиб борилди. Университетнинг замонавий лабораториялари ва инновацион марказлари билан яқиндан танишилди.    

Ташриф давомида Чехиянинг йирик саноат компанияси — “PROVOD” корпорацияси раҳбарияти билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда ҚўқонДУ талабалари ва профессор-ўқитувчилари учун стажировкалар, қўшма илмий-амалий лойиҳалар, замонавий лабораторияларни жиҳозлаш масалалари муҳокама қилинди ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  

Бундан ташқари, ҚўқонДУ ва Европа амалий фанлар ва менежмент институти ўртасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, сифат бошқаруви ва Европа стандарти асосида янги ўқув курсларини жорий этиш юзасидан 9 та меморандум ва шартномалар имзоланди.  

Мазкур ташриф Қўқон давлат университетининг халқаро илмий-маърифий алоқаларини кенгайтириш, Европа таълим тажрибасини жорий этиш ва талаба-ёшлар учун янги имкониятлар яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.

М.Қосимова, ЎзА