Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш бўйича Конституциявий судга шикоят қилиш мумкин
18:29 / 2021-06-03

Яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонун билан амалиётга қатор принципиал янгиликлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Конституциявий одил судлов институти янги босқичда” мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбирда Конституциявий суд, Олий суд судьялари ва ходимлари, шунингдек, видеоконференцалоқа орқали вилоят, шаҳар, туман, туманлараро судлари судьялари иштирок этди.  

Олий суди раисининг ўринбосари И.Муслимов янги қонун суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми эканига урғу берди.  

Конституциявий шикоят институтининг жорий этилиши иш ҳажмининг ошишига олиб келиши ҳисобга олиниб, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Конституциявий суд судьялари сони 9 нафар этиб белгиланди.

Янги қонун билан Конституциявий суд судьясининг ваколат муддатлари ўзгартирилди. Аниқроқ айтганда, ваколат муддати биринчи марта сайланганида беш йил, иккинчи марта сайланганида ўн йилни ташкил этадиган бўлди. Шу билан бирга, айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма сақлаб қолинди.

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилиб, янги қонун билан 15 субъектга шундай ҳуқуқ берилиши назарда тутилди.  

Яна бир ўзгартишга кўра, Конституциявий суд судьяларининг ташаббуси билан масала киритиш ҳуқуқи бекор қилинди. Бу, ўз навбатида, судьяларнинг Конституциявий судда кўриб чиқилаётган масалага нисбатан холислигини таъминлашга хизмат қилади.  

[gallery-2665]

Қонунда конституциявий судлов ишларини юритишнинг процессуал қоидалари тўлиқ тартибга солинди. Конституциявий судга мурожаат қилиш, мурожаатни дастлабки кўриб чиқиш, ишни кўриб чиқиш учун қабул қилиш, суд ишларини юритишнинг иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд муҳокамаси, суд мажлиси баённомаси, процессуал муддатлар, суд чиқимлари ва харажатларни қоплаш тартиби, айрим турдаги ишлар бўйича иш юритишнинг хусусиятлари каби процессуал тартиб-таомиллар ўзининг аниқ ифодасини топди.

Янги таҳрирдаги қонунда Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишлар бўйича Конституциявий суднинг қарори 15 кун ичида қабул қилинадиган бўлди.  

Конституциявий суд қарорларининг турлари ва уларни қабул қилиш, эълон қилиш ва кучга киритиш тартиби ҳамда қарорнинг юридик кучи тўғрисидаги нормалар ҳам янги қонунда ўз аксини топган. Конституциявий суд қарори қатъий ва унинг устидан шикоят қилиш мумкин эмас. Конституциявий суд қарори билан Конституцияга мувофиқ эмас, деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг муайян қисми ўзининг амал қилишини тугатади.  

Давлат органлари Конституцияга мувофиқ эмас, деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида қабул қилган ўз қарорларини бир ойдан кечиктирмай қайта кўриб чиқиши шарт.

Конституциявий қонун нормаларини татбиқ этиш орқали Конституциявий суднинг ўрни ва ролини ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланишига эришиш асосий мақсаддир.  

 Конституциявий суд раисининг ўринбосари А.Ғафуров қонуннинг асосий янгиликларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилгани юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилганини қайд этди.

Бунда, агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Конституцияга мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли. Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини ишончли кафолатлашга хизмат қилади.  

     

    Н.Абдураимова, ЎзА