French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунни тўғри қўллаш — адолат кафолати
16:41 / 2026-02-03

Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани суди раиси С. Давлетмуратов бошчилигида туман прокуратураси, Ички ишлар бўлими ҳамда соҳавий мутасадди органлар вакиллари иштирокида амалий семинар ўтказилди.

Мазкур семинарнинг асосий мақсади жиноят ишлари бўйича тергов сифатини янада ошириш, тергов ва суд жараёнларида амалдаги қонунчилик нормаларини тўғри, аниқ ва изчил қўллаш, шунингдек, шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат бўлди. Шу билан бирга, ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, процессуал камчиликларга йўл қўймаслик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ёндашувни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар давомида жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш жараёнларида учраётган айрим муаммоли жиҳатлар, амалиётда кузатилаётган хато ва камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди. Шунингдек, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти соҳа ходимларига атрофлича тушунтирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорининг асосий жиҳатлари батафсил шарҳланди. Мазкур қарор жазо тайинлаш амалиётида адолат, қонунийлик ва инсонпарварлик тамойилларини янада мустаҳкамлашга қаратилгани таъкидланди.

Семинар якунида иштирокчилар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилиб, амалиётга доир саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.  

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири