Жиззах вилоятининг Бахмал туманида давлат томонидан 30 йиллик ижара асосида фермер хўжалигига ажратилган ер майдонининг ноқонуний равишда пул эвазига сотилиши ҳолати фош этилди.
Маълум қилинишича, туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг масъул ходими Шертой Жўртоев “Нурлиқуёш” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига 30 йилга ижарага берилган 15 гектар ернинг 5 гектарини 15 минг АҚШ доллари эвазига сотишга келишган.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Шертой Жўртоев келишилган пулнинг 190 миллион сўмини олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинди.
Бу ҳолат нафақат ердан фойдаланиш маданиятидаги камчиликни, балки қонун устуворлигининг таъминланиши давлат манфаатлари нуқтаи назаридан жуда муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Чунки Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 9 мартдаги “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, давлат мулки ҳисобланган объектлар, жумладан, ер участкалари фақат давлат номидан иш юритувчи органлар томонидан белгиланган тартибда фойдаланилиши мумкин. Қонунга кўра, ижара муносабатлари доирасидаги мулкни томонлар ўзаро келишув асосида сотишига йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги 273-сонли қарори билан тасдиқланган низомда давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш, ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш ҳамда улардан самарали ва мақсадли фойдаланиш тартиблари аниқ белгилаб қўйилган.
Яъни давлат мулки ҳисобида турган ҳар қандай актив шахсий мулк ҳисобланмайди. Унга нисбатан барча қарорлар фақат давлат томонидан қабул қилиниши мумкин.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири