Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида: “Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт”, деб кўрсатилган. Кўриниб турибдики, жаҳондаги қатор ривожланган мамлакатлар каби Ўзбекистонда ҳам инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат томонидан кафолатланган.
Бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликларига ҳамда жамият ва давлат манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, қабул қилинган қарорлар ижроси бажарилмаслиги оқибатида жамиятимизда бир қатор ижтимоий жиҳатдан зарарли иллатларнинг такрорланиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол этилиб, натижада бир қанча фуқаролар жабрланувчига айланиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, маълум бир жабрланувчининг қарзини қайтариб беришга мажбур этиш мақсадида бировнинг мулкини ўзбошимчалик билан тортиб олиш миллий қонунчилигимиздаги талабларга зид келишини англаш қийин эмас, зеро кишининг қонунни билмаслиги унинг жавобгарликдан озод қилинишига сабаб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан буён жамиятимизда кенг демократлаштириш ишлари жадаллаштирилиб, кучли фуқаролик жамиятини яратиш сари интилмоқда экан, охирги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ўз ҳақ-ҳуқуқларини ўзбошимчалик билан амалга ошириш оқибатида маъмурий ва жиноят қонунчилиги талаблари бузилишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 200-моддасида назарда тутилган, ўзбошимчалик, яъни ўзининг ҳақиқий ёки назарда тутилган ҳуқуқини фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда ўзбошимчалик билан амалга ошириши ҳисобланиб, бунда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агар ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган ҳуқуқбузар бир йил давомида фуқаролик ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатлари, шунингдек давлат ва жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддаси билан жавобгарликка тортилади. Мазкур моддага кўра, шу қилмишни амалга оширган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Биргина Тошкент шаҳар Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими мисолида жорий йилнинг 10 ойи давомида фуқароларимиз ўз ҳуқуқларини етарли даражада билмасликлари оқибатида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 200-моддасида назарда тутилган, ўзбошимчалик билан боғлиқ бўлган 8 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари хамда Жиноят Кодексининг 229-моддасида назарда тутилган, ўзбошимчалик билан боғлиқ ҳолат бўйича 6 та жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилган. Тергов ҳаракатлари жараёнида фуқаролар қилган жиноятларини англаб етган ҳолда ўз айбларига иқрор эканликларини маълум қилган. Бундан ташқари фуқароларга қонун барчага баробарлиги, жиноят учун жазо муқаррарлиги тушинтирилди. Қонунчиликка мувофиқ, ҳар қандай фуқаро ўз ҳуқуқлари бузилгани тўғрисида ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, ушбу қонун талабларига кўра, фуқаролар ариза, шикоят ва таклиф орқали ўз мурожаатларини ёзма, оғзаки ва электрон тартибда тегишли давлат органларига тақдим қилишлари мумкинлиги ҳақида ҳуқуқий тавсиялар берилиб, уларнинг ҳуқуқий онгларини ошириш мақсадида ҳар бир тергов идораси ходимлари томонидан ойига тўрт маротаба маҳалла фуқаролар йиғинлари, идора ва ташкилотларда жиноятларни олдини олиш юзасидан турли мавзуларда чиқишлар ва давра суҳбатлари ўтказилиши йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда фан-техника ривожланган даврда яшаётган эканмиз, технологик коммуникацион тизимнинг ривожи кишилик жамиятининг яна бир поғонага кўтарилишига сабабчи бўлганини эътироф этиш зарур. Шундан келиб чиқиб, фуқароларимиз ҳам замон талабларига мос усулда ўзлари қизиқтирган саволлари ва бошқа турдаги мурожаатларини электрон тартибда давлат органларига билдирадилар. Буни ҳукумат давлат порталига кирган ҳолда амалга оширадилар. Ушбу ҳукумат порталида фуқароларни қизиқтирган бошқа давлат органларининг ҳам электрон манзиллари рўйхати келтириб ўтилган.
Жасур Бегматов,
Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими
Ахборот таҳлил бўлинмаси катта суриштирувчиси.