Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунлар таҳлили: бенефициар мулкдор тўғрисидаги маълумотлар очиқланиши белгиланди
18:21 / 2023-02-07

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати маълумотларига кўра, мамлакатимизда ўтган қисқа давр мобайнида қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шу билан бирга амалдаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча соҳаларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар – амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни, янги ҳуқуқий нормаларни қонунларимизда акс эттиришни тақозо этмоқда. 

Шундан келиб чиқиб, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида Сенат қўмиталари томонидан қатор қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг амалга оширилди.

Таҳлиллар айрим қонунларда аниқ механизмларнинг акс эттирилмагани, ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги сабабли соҳанинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келингани, шунингдек, қабул қилинган айрим қонунлардаги нормалар амалиётда номувофиқликларни келтириб чиқараётгани сабабли уларни бугунги кун талаби асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди.  

Хусусан, Сенат томонидан манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2018 йилда қабул қилинган “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун юзасидан мониторинг амалга оширилди. 

Қайд этиш жоизки, ушбу қонун қабул қилинганидан кейин ўтган қисқа вақт мобайнида бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ошишида, давлат харидлари соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бир хиллашувида катта ўрин тутди.  

Шунга қарамасдан, амалга оширилган мониторинглар қонунда харид қилиш тартиб таомилларининг фақатгина 2 та тури электрон шаклда амалга оширилиши белгиланганлиги, бенефициар мулкдор тўғрисидаги маълумотларнинг очиқланишига оид нормалар назарда тутилмагани, стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг харидлари ушбу қонунга мувофиқ тартибга солинмаганлиги, энг асосийси, давлат харидларини амалга оширишнинг муддатлари аксарият давлат буюртмачиларининг эътирозларига сабаб бўлаётганини кўрсатди.  

Мазкур муаммоли масалалар юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар асосида қонун қайта кўриб чиқилиб, 2021 йил 22 апрелда янги таҳрирда қабул қилинди. Унда давлат харидларини амалга оширишнинг барча турлари, шу жумладан, тендер, энг яхши таклифларни танлаш, савдолар электрон шаклда амалга оширилиши белгиланганлиги натижасида инсон омилининг қисқаришига эришилди. 

Шу билан бирга давлат харидлари жараёнида янада шаффофликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш, шунингдек, коррупцион ҳолатларни бартараф этиш мақсадида бенефициар мулкдор тўғрисидаги маълумотларнинг очиқланиши белгиланди.  

Яна бир муҳим жиҳат – стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг харидлари ушбу қонунга мувофиқ харид тартиб-таомиллари асосида амалга оширилиши кўзда тутилди. Давлат харидларини амалга ошириш муддатлари қайта кўриб чиқилиб, қисқартирилиши натижасида давлат дастурларида белгиланган харидларни ўз вақтида бажариш имконияти ошди.   

ЎзА