English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш борасидаги ишлар сарҳисоб қилинди
16:03 / 2021-01-06

Мамлакатимизда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялаш, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилишга кўмаклашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрдаги ”Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тизимли ташкил қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.  

Қарорда хорижда ишлаш учун фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда юбориш, чет элда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган.

Пойтахтимиздаги “Ишга марҳамат” мономарказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхонаси раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи М.Маматхонов, шунингдек, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари иштирок этган учрашувда 2020 йилда меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, 2021 йилдаги вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш ва мигрантларни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Япония ва БАА билан меҳнат миграцияси бўйича ҳукуматлараро битимлар тузилди, чет элда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун алоҳида жамғарма ташкил этилган.

Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорликка ўқитиш, ички меҳнат бозорига мослаштириш борасидаги фаолиятни ташкил этишига кўмаклашиш мақсадида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курсларини тамомлаган 71 нафар меҳнат мигранти ва 60 нафар меҳнат инспекторига сертификат берилди. Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа асосида 185 нафар меҳнат мигранти ўқитилди. 2021 йилда яна 1,5 мингдан ортиқ меҳнат мигрантини тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилган.

2020 йилнинг ўтган даврида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 8 минг 690 нафар, хусусий бандлик агентликлари томонидан 714 нафар фуқаро хорижга ишлаш учун юборилди. 37 минг 48 нафар мигрантга ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган 708,3 минг доллар миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсация ўндириб берилди. Пандемия даврида Ташқи ишлар вазирлиги ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда 11 минг 500 нафардан ортиқ меҳнат мигрантига турли кўринишдаги моддий ёрдам кўрсатилди.

– Бугунги кунда бундай муҳим чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида амалга оширилаёганини кузатдик, - дейди Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Илёсҳўжаев. – Албатта, бу ишлар меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат миграциясини қонуний ва тартибли ташкил этишда муҳим омил бўлади. Ҳар йили Қозоғистонга ўрта ҳисобда 800 мингга яқин фуқароларимиз мавсумий иш жараёнига боради. Шундан 30 мингга яқини патент асосида ишлайди. Бугун Ўзбекистондаги Мономарказлар фаолияти билан яқиндан танишиб, у ерда касб-ҳунарга ўргатиш жуда яхши йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдик.

[gallery-696]

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,  ЎзА