Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунга ҳурмат ва масъулият миллийликда намоён бўлмоқда
16:28 / 2025-08-28

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, қабул қилинаётган ҳар бир қарор мустақил тараққиёт ва халқ манфаатларига хизмат қилади.

Бу борада Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли мурожаатларини самарали ҳал этиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида кўплаб тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Адлия тизими вакиллари иштирокида аҳоли эҳтиёжлари ва талабларини ўрганиш ва муаммоларга ижобий ечим топишда жойларда раҳбарлар билан жонли мулоқотлар, сайёр қабуллар, онлайн мурожаат ҳамда таклифлар қабул қилиш йўлга қўйилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиб, ҳал этилмоқда. Бу эса инсон қадри учун халқ манфаатлари устуворлигини таъминлашга, муаммоларни жойида ҳал қилишга имконият яратмоқда. 

Ўтган вақт давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар алоҳида назоратга олинган ҳолда ўрганилиши натижасида 6 минг 134 та мурожаатнинг 5 минг 961 таси ҳал қилиниши, шу жумладан, 4 минг 255 таси қаноатлантирилиши ва 1 минг 706 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиши таъминланди. Таҳлилларга кўра, туман-шаҳар Давлат хизматлари марказларига 1 миллион 101 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шундан 618 мингдан ортиғи электрон тартибда амалга оширилди. 

Айниқса, олис, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида мунтазам сайёр давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Шу кунгача 48 мингдан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. ФҲДЁ бўлимларида 31 мингдан ортиқ туғилиш, 7 мингдан зиёд никоҳ, 2 мингдан ортиқ ажрим қайд этилди. 

Шунингдек, оталикни белгилаш, фарзандликка олиш ҳамда далолатнома ёзувларига ўзгартиш киритиш ишлари амалга оширилди. Юртимизда ёшларни ҳуқуқий билимлар билан чуқур таъминлаш, уларда қонунга ҳурмат ва масъулият туйғусини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 

Шу мақсадда Тошкент вилоятидаги таълим муассасаларида “Ҳуқуқий синфлар” ташкил этилди. Мазкур ташаббус доирасида ўқувчи-ёшларга амалдаги қонунчилик, фуқаролик жамияти асослари, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, давлат хизматлари тизими ҳақида атрофлича билимлар берилмоқда. Дарслар замонавий интерактив усулларда, ҳаётий мисоллар ва ҳуқуқий ҳолатлар таҳлили асосида олиб борилмоқда. 

Бугун туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан амалга оширилаётган “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси муҳим натижаларни кўрсатмоқда. Соҳа мутахассислари жойларда “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамкорлигида тарғибот тадбирлари олиб бориб, фуқароларнинг кундалик ҳаётдаги муаммолари “Ҳуқуқий маҳалла” платформасига киритилмоқда. Аниқланган муаммоларнинг ҳар бири адлия органлари масъуллари томонидан ўрганилиб, аҳолининг қонуний манфаатлари таъминланиши юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди. 

Шу билан бирга, бошқарма томонидан миллий қадриятлар, урф-одатларни асраш, халқимизнинг бой тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш ҳамда адлия органлари ва муассасалари ходимлари орасида миллий ғурур, ўзликни англаш ва эстетик дидни юксалтириш мақсадида янги ташаббус ҳам йўлга қўйилди. 

Эндиликда туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимларида хизмат кўрсатаётган барча ходимларга ҳафтанинг душанба куни миллий анъанавий кийимларда ишга келишлари тавсия этилди. Мазкур ташаббус бошқарма ва унинг тизимидаги ташкилотларда ижобий маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш, хизмат жараёнида миллий урф-одатларимизнинг уйғунлиги ва замонавийликни намоён этишга хизмат қилмоқда. 

Бу фақатгина миллий либос кийиш эмас, балки ходимларда ўзлигини англаш, миллий ғурур ва юртга садоқат туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган маънавий ҳаракат сифатида аҳамиятлидир. Адлия органлари фаолиятида асосий мақсад инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш ва қонун устуворлигини ҳаётга татбиқ этишдир. 

Абдумуталиб Дадажонов, 

Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи. 

ЎзА.