Боёвут туман тиббиёт бирлашмасида меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилиши ҳолати адлия органлари томонидан ўрганилди.
Фуқаролар мурожаати асосида ўтказилган мазкур текширув тиббиёт соҳасида ҳам ҳуқуқий интизомга қатъий амал қилиниши зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Боёвут туман адлия бўлими маълум қилишича, ўрганиш жараёнида тиббиёт бирлашмасида фаолият юритаётган айрим ҳамширалар билан боғлиқ меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда қонун талабларига зид ҳолатлар аниқланган. Хусусан, айрим ходимларнинг навбатчилик фаолияти тегишли буйруқлар билан расмийлаштирилмагани, иш жараёнида эса ҳужжатлар номутаносиб тарзда юритилгани маълум бўлди.
Жумладан, ҳамшира О. Абдураҳмонова билан тузилган меҳнат шартномасида уни хўжалик ҳисобидаги пуллик хизматлар бўлимида навбатчилик қилишга келишилган бўлса-да, мазкур вазифа иш берувчининг тегишли буйруғи билан расмийлаштирилмаган. Шунингдек, навбатчилик графигида ходимнинг исм-шарифи ҳам акс эттирилмагани аниқланди.
Шу каби ҳолат ҳамшира М. Бобоева билан боғлиқ ҳолатда ҳам кузатилган. У билан тузилган шартномада хўжалик ҳисобидаги терапия бўлимида навбатчилик қилиш белгиланганига қарамай, бу ҳам иш берувчи томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, меҳнат шартномаси имзоланган кундан бошлаб кучга киради, ишга қабул қилиш, қўшимча вазифалар юклаш ёки меҳнат шартларини ўзгартириш фақат иш берувчининг буйруғи асосида амалга оширилиши шарт. Мазкур буйруқ эса ходимга иш бошланган кундан эътиборан уч кун ичида таништирилиши лозим. Бу талабларга риоя этилмаслиги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари поймол этилишига олиб келиши мумкин.
Аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан Боёвут туман адлия бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилди. Адлия органлари аралашуви натижасида йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилди, тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ зарур буйруқлар белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
Боёвут туман адлия бўлими бошлиғи Отабек Холматовнинг фикрига кўра, бу ҳолат тиббиёт муассасаларида қонунчиликка қатъий амал қилиш, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳужжатлар расмийлаштирилишини тизимли назорат қилишнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатди. У қўшимча қилиб, раҳбарлардан меҳнат қонунчилигига риоя қилишда мунтазам чора-тадбирлар кўриш ва тизимли назоратни таъминлашни сўради.
Мутасаддиларнинг фикрига кўра, мазкур ҳолат тиббиёт муассасаларида меҳнат қонунчилигига риоя этиш, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи доимий эътиборда бўлиши шартлигини кўрсатади. Бу борада масъул раҳбарлардан қонун талабларига қатъий амал қилиш, ҳужжатларни ўз вақтида ва тўғри расмийлаштириш талаб этилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири