Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи Ғайрат Ҳамроев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда кадастр соҳаси бўйича қонунчиликка киритилган ўзгаришлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 август кунида қабул қилинган “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш (ҳар 3 йилда камида бир марта) Кадастр агентлигининг Тошкент геодезия ва картография коллежи Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази томонидан амалга оширилади.
Шунга кўра, Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари малака ошириш муддати келишидан 15 кун олдин Марказга хат юборади. Марказ хат келиб тушган кундан 5 кун ичида рўйхатдан ўтказувчини малака ошириш курсига қабул қилади ёки уни рад этади.
Ўқув курсларининг энг кўп ҳажми 72 соатни ташкил қилади. Курслар тамомлангач, рўйхатдан ўтказувчилар тест синовидан ўтказилиб, тестдан муваффақиятли ўтганларга сертификат берилади. Малака ошириш даврида рўйхатдан ўтказувчиларнинг иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланади. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтказувчилар ҳар 3 йилда бир марта аттестациядан ўтказилади (суҳбат шаклида).
ОТМни тугатган ва эгаллаган мутахассислик бўйича биринчи марта ишга кирган шахслар, агар улар мазкур мутахассислик бўйича 2 йилдан кам ишлаган бўлса, аттестациядан ўтказилмайди.
Шунингдек, матбуот анжумани давомида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 августдаги “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш доирасида кадастр соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хусусида ҳам фикр юритилди.
Қарорга кўра, Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти Уй-жой фондига оид кўчмас мулк объектларига нисбатан 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида, 2024 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида жорий этилиши белгиланганлиги айтиб ўтилди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири.