Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунчиликка илк маротаба жамоат эҳтиёжлари учун сeрвитут бeлгилаш тартиби киритилди
19:42 / 2023-10-30

Бугунги кунда ердан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, илғор хорижий давлатларнинг тажрибалари асосида сервитут институтини замон талабларига мослаштирган ҳолда такомиллаштириш ҳамда бу орқали ушбу муносабатларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда, мамлакатимизда ер муносабатлари соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқини ишончли тарзда ҳимоя қилиш ҳамда ундан фойдаланиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилнинг 23 октябрь куни “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан жами 11 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шу жумладан, Фуқаролик, Ер ва Шаҳарсозлик кодексларига ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) институтини янада ривожлантиришга қаратилган қуйидаги нормалар киритилди.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтказилганда сервитут сақланади. Қайд этиш лозимки, амалиётда сервитут белгиланиб, тарафлар ўртасида келишувга эришилгандан сўнг бирор бир сабаб билан ер участкасининг эгаси ўзгарганда, унинг ўрнига келган ер участкасининг янги эгаси томонидан сервитут шартлари бекор қилинар эди.

Мисол учун, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 19-мавзеда жойлашган ресторан олдида сув каналининг бошқаруви бор бўлиб, ушбу рестораннинг ҳовлисидан ўтган ариқ орқали қўшни ҳовлиларга сув ўтарди. Қўшнилар ресторан эгаси билан сервитут, яъни ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланишга келишиб олган эди. Бироқ рестораннинг эгаси ўзгаргандан сўнг, эски раҳбар ва қўшнилар билан тузилган келишувни бекор қилди.

Амалдаги қонунчиликда бундай вазиятлар қандай ҳал этилиши билан боғлиқ аниқ механизмлар белгиланмаган эди.

Бу эса, ўз навбатида, сервитут белгиланишини талаб қилган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига ҳамда унинг зарурий эҳтиёжлари қондирилмаслигига сабаб бўлаётганди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Фуқаролик ва Ер кодексига сервитут белгиланган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтган тақдирда ҳам сервитут сақланиб қолишига оид нормалар киритилди.

Бундан ташқари, ушбу кодексларда сервитут олди-сотди, ҳадя, гаров ёки ижаранинг мустақил предмети бўлиши мумкин эмаслиги, шунингдек уни сервитут белгиланган кўчмас мулкнинг ҳуқуқ эгаси бўлмаган бошқа шахсларга бериш тақиқланиши ҳам қайд этилди.

Шунингдек, ушбу қонун билан Фуқаролик кодекси 173-5-модда билан тўлдирилди. Унда агар сервитут белгиланган ер участкасини бўлиш сервитутдан фойдаланишга тўсқинлик қилмаса, сервитут ер участкасининг бўлинган қисмларига нисбатан ҳам сақланиб қолиши белгиланди. Бунда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, бўлинган ер участкасининг ижарачилари ва мулкдорлари сервитут шартлари қайта кўриб чиқилишини талаб қилишга ҳақли бўлади.

Агар сервитут бўлинган ер участкасининг фақат битта қисмига белгиланса, у қолган ер участкаларига нисбатан бекор қилинади.

Эндиликда, бинолар, иншоотлар ва бошқа кўчмас мулкларга ҳам сервитут белгиланиши мумкин. Ушбу қонун қабул қилингунига қадар сервитутга оид қоидалар Фуқаролик кодексининг 173-моддаси ва Ер кодексининг 30-моддасида қайд этилган бўлиб, унда фақат назарий қоидалар белгиланган эди. Шунингдек, қонунчилигимизда бинолар, иншоотлар ва бошқа кўчмас мулкларга сервитут белгилашга оид қоидалар назарда тутилмагани сабабли, амалиётда кўплаб низоли ҳолатларни вужудга келтираётган эди.

Масалан, кўп қаватли биноларда фаолият юритувчи икки ёки ундан ортиқ ташкилотлар ўзининг зарурий эҳтиёжларини қондириш учун ушбу бинодан чекланган тарзда фойдаланишда айрим ҳолларда низоли ҳолатлар ҳам учраётганди.

Ушбу низоли ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, Фуқаролик кодексига ер участкасидан фойдаланишдан ташқари, чекланган тарзда фойдаланиш зарур бўлган бинолар, иншоотлар ва бошқа кўчмас мулкка ҳам сервитут белгиланиши мумкинлигига оид қоидалар киритилди.

Ер кодекси янги 30-5-модда билан тўлдирилиб, унда ер участкасига нисбатан сервитут тўғрисидаги шартномага қуйиладиган талаблар аниқ белгилаб қўйилди.

Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар жисмоний ва юридик шахсларнинг сервитут белгилашдаги ҳамда юзага келиши мумкин бўлган низоли ҳолатларнинг олди олинишига ҳамда тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаслигига хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу Кодексга киритилган 30-2-моддада сервитут иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тўлиқ акс эттирилгани сервитут иштирокчиларининг ушбу муносабатлардаги ҳуқуқларининг тўлақонли таъминланишига замин яратади.

Илғор хорижий давлатларнинг амалиётида “оммавий сервитут” (“public servitude”) тушунчаси кўплаб хорижий давлатларнинг қонунчилигида мавжуд.

Шунга кўра, Ер кодекси 30-5-моддаси билан тўлдирилди. Унга асосан, жамоат эҳтиёжлари учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (оммавий сервитут) қуйидаги мақсадлар учун белгиланиши мумкин.

Давлат мулки бўлмаган бино, иншоот ва кўп йиллик дов-дарахтлар жойлашган ер участкаларига оммавий сервитут белгилаш тақиқланиши қайд этилди.

Оммавий сервитут манфаатдор ташкилотларнинг мурожаатлари асосида вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан ўрнатилиши белгиланди. Бунда, суғориладиган ерлар, табиий ҳудудлар, маданий мерос объектлари ерларига оид қарорлар тегишли соҳадаги ваколатли давлат органи билан келишилади.

Бундан ташқари, унда ер участкасидан фойдаланиш, иншоотлар қуриш, уларга хизмат кўрсатиш, ерни аввалги ҳолатига келтириш каби шартлар белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, оммавий сервитут белгилаш ҳақидаги қарорда сервитут тўғрисидаги шартномада кўрсатилиши лозим бўлган барча шартлар кўрсатилиши керак.

Тарафларга ўзаро келишув асосида ёки суд тартибида ҳоким қарорида белгиланган сервитут шартларини ўзгартириш ҳуқуқи берилди.

Узакберген Жаксимуратов,
Фаррух Жўраев,
Адлия вазирлиги масъул ходимлари