Миллий процессуал қонунчилик ҳужжатларида электрон (рақамли) далиллар тушунчаси, улардан фойдаланиш тартиби ва шу билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган. Электрон далилларга қандай маълумотлар киритилиши ҳақидаги масалалар ҳуқуқий тартибга солинмаган.
Шу сабабли, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига электрон (рақамли) далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун билан амалдаги қатор кодекслар ва қонунларга электрон маълумотлар ҳамда рақамли далиллар тушунчаси киритилди. Рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш, шунингдек, йўқ қилиш тартибини белгиловчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Жумладан, электрон маълумотларга электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек, ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлар киради.
Қонун билан терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд тергов ва суд жараёнлари иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олиши, электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмларни кўздан кечириши кераклиги борасида аниқ тартиб белгиланган.
Қонунда рақамли далиллар тушунчаси ҳам қайд этилган. Унга кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги электрон маълумотлар, шу жумладан, электрон файллар, аудио- ва видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган ва бошқа электрон маълумотлар рақамли далил бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.
Сенаторлар маъқуллаган қонун қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга ҳамда одил судлов сифатини ошириш ва суд иш юритувини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА