Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунчиликдаги янгиликлар фуқаро ва тадбиркорларга қўшимча қулайлик яратмоқда
13:14 / 2023-01-13

Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтган йил давомида аҳолига кадастр хизматларини кўрсатиш ишлари самарали кечди.

Хўш, аҳолига қандай хизматлар кўрсатилди? Бу ҳақда бошқарма бошлиғи Жасур Каримов қуйидагиларни сўзлаб берди.  

– Фаолиятимизни “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя асосида ташкил  қилганмиз. Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий филиалларига ўтган бир йилди кўчмас мулк объектига кадастр паспортини тайёрлаш бўйича жами 77 минг 613 та ариза келиб тушди. Шундан 52 минг 312 таси ижобий ҳал бўлган, 24 минг 679 таси рад этилган ва 622 та ариза жараёнда.  

Кадастр ҳужжатини тайёрлаш бўйича энг кўп буюртма Сергели тумани, энг кам буюртма эса Яккасарой тумани аҳолисидан қабул қилинган.    

Шунингдек, бошқарма томонидан 29 минг 944 та якка тартибдаги турар жой, 14 минг 343 та нотурар жой кўчмас мулк объектлари, 80 минг 559 та кўп қаватли турар жойлар ҳамда 292 та ер участкасига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилди.  

Маълумки, кадастр халқимизга яқин соҳа. Ҳар куни бўлмаса ҳам, кунора фуқароларимиз у ёки бу масалада мурожаат қилиб келишади. Мурожаатчига мутахассислар томонидан шу жойнинг ўзида ҳуқуқий тушунтириш берилади. Туман филиалларимизда ҳам фуқаролар қабули ташкил этилган. Бундан ташқари тасдиқланган режа-график асосида аҳоли ва тадбиркорларнинг кадастрга оид мурожаатлари сайёр қабуллар ўтказиш орқали ўрганилиб, уларга ечим топиляпти.  

Ўтган йили бошқармага 8 минг 381 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 4 минг 868 та мурожаат юзасидан чоралар кўрилди, 3 минг 472 та мурожаат муаллифига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 41 та мурожаат рад этилди.  

Сўнгги йилларда кўчмас мулкка доир муносабатларни тартибга солиш ва қонунчилигимизни мустаҳкамлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 28 ноябрь куни “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.  

Мазкур қонун кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхати соҳасидаги муносабатларини тартибга солиш, бу билан мулкдорларнинг ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатлаш ва ҳимоя қилишни қонун даражасида амалга оширишга хизмат қилади.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2022 йил 30 ноябрдаги 685-сон қарори билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукцион савдоларига чиқаришнинг янги тартиби жорий қилинди.  

Унга кўра, қурилиш бўлимлари билан биргаликда кадастр органлари филиаллари ҳам бўш ер участкасини аниқлаб, “Yerelektron” ААТга киритиши белгиланди.  

Ер участкаларини савдога чиқаришда келишув ва муҳокама жараёнларини бирлаштириш ҳисобига келишиш босқичлари 8 тага, аукционга чиқариш муддатлари эса 16 (ижара ҳуқуқида) ва 22 иш кунигача (мулк ҳуқуқида) қисқартирилди.  

Жисмоний ва юридик шахсларда доимий фойдаланишда (эгаликда) бўлган хусусийлаштирилаётган ер участкасини сотиб олиш қиймати ҳамма ҳудудлар бўйича ер солиғининг базавий солиқ ставкаси 20 баравари миқдорида белгиланган бўлса, янги тартибга мувофиқ Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида ер солиғининг базавий солиқ ставкаси 10 бараварга, бошқа ҳудудларда 5 бараварга камайтирилди.  

Бир сўз билан айтганда, соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар фуқаро ва тадбиркорларга қўшимча қулайлик яратиб бермоқда.  

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилган 2023 йилда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари ходимлари янада шижоат билан фаолият юритишни мақсад қилган. Халқимизга яқин бўлиб, уларнинг соҳага оид мурожаатларини ҳал қилиш, мушкулларини осон қилиш йўлида бор куч-имкониятни ишга соламиз.  

 

Гулноза Бобоева ёзиб олди,  

ЎзА