Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунчиликдаги янги институтнинг афзалликлари
17:28 / 2025-11-04

Қорақалпоғистон Республикаси судида суд-тергов фаолияти билан боғлиқ қатор долзарб масалалар, хусусан, жиноят ишларида айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг қўлланилиши масаласига бағишланган семинар-машғулоти ўтказилди.

Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тадбирда жиноят ишлари бўйича ҳамда тергов судьялари, ички ишлар ва прокуратура органлари вакиллари, суриштирув ва дастлабки тергов ходимлари, шунингдек адвокатлар иштирок этишди.

Семинар иштирокчиларининг диққат-эътибори Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг “Судлар томонидан айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг қўлланилиши билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига қаратилди.

Сўзга чиққанлар айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти миллий жиноят қонунчилигида амалга оширилган муҳим ислоҳотлардан бири эканини таъкидлашди. Ушбу институт Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонуни асосида жорий этилган бўлиб, у билан Жиноят-процессуал кодекси 62-1-боб билан тўлдирилди. Ушбу институтнинг жорий этилиши жиноят ишларини тез ва самарали ҳал этиш, жабрланувчи ҳамда фуқаровий даъвогарнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, етказилган зарарни қоплаш, шунингдек айбига иқрор ва пушаймон бўлган шахсларни қонунан рағбатлантириш имконини беради.

Бундай ёндашув суд-ҳуқуқ амалиётида инсон манфаатини устувор қўйиш, “инсон қадри — олий қадрият” тамойилини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, институтнинг амалдаги қўлланилишида айрим муаммолар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

Семинарда институтнинг амалий фаолиятда етарли даражада самара бермаётгани қайд этилди. Шу боисдан унинг тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, жиноят ишларини кўришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди.

Кун тартибидаги асосий масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари маъруза қилиб, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг ҳуқуқий ва амалий жиҳатларини ёритдилар. Улар амалда учраётган муаммолар ва уларнинг самарали ечимларини муҳокама этишди.

Семинар сўнггида иштирокчилар ўртасида фаол фикр алмашуви ва савол-жавоблар бўлди. Амалий мисоллар асосида ўтган муҳокамалар институтни қўллашдаги мавжуд масалаларни чуқур таҳлил қилиш, келгусида унинг тўғри қўлланилишини таъминлаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишга замин яратади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири