Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларни янада ривожлантириш, йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилиб, давлатимиз раҳбари томонидан аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 26 май куни маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мамлакатимизда тўқимачилик, қурилиш материаллари, мебелсозлик соҳаларида амалга оширилиши шарт бўлган вазифалар белгилаб берилган эди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Алишер Қодиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Баҳодир Маматхонов, Козимжон Тожиевлар Навоий вилоятида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар, белгиланган чора-тадбирлар ижроси билан танишди.
Навоий шаҳридаги “Ховандамир Ҳолдинг” МЧЖга қарашли “Муҳташам мебеллар” фабрикасида ишлаб чиқарилаётган мебелсозлик маҳсулотлари ўз брендига эга. 150 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонада йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 27 миллиард сўмни ташкил этаётгани ҳам маҳсулотларининг сифатлилиги ва бежиримлигини кўрсатмоқда.
Партия раиси Алишер Қодиров ва депутатлар корхона раҳбари Ҳусниддин Гаппаров ҳамроҳлигида корхона фаолияти билан танишиб, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, миллий брендни такомиллаштириш бўйича тавсияларини беришди.
[gallery-23680]
Депутатлар “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ фаолияти ҳамда “Навоий иссиқлик электр станциясида 650 МВТ қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан ҳам танишди.
Бу ерда мутасаддилар статистик маълумотларда корхонанинг ишлаб чиқариш қувватининг пасайганлигини муқобил электр энергия ишлаб чиқаришнинг ортгани, аҳолининг электр энергияси истеъмолида тежамкорликни оширганлиги билан изоҳлашди.
Таъкидлаш жоизки, “Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)” томонидан молиялаштирилаётган ушбу лойиҳа ишга тушгандан кейин йиллик 4800 миллион кВт электр энергия ишлаб чиқарилиб, 256 нафар янги иш ўрни яратилади. Иш самарадорлиги 61 фоиздан юқори бўлиб, йилига 870 миллион куб табиий газ тежалади.
2026 йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилаётган ушбу объектда “Навоий ИЕС” АЖ Бош директори Акмал Файзиев ва корхона масъуллари томонидан қурилиш ишлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида маданий мерос объектларини муҳофазалаш, миллий туризмни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шуни эътиборга олган ҳолда партия фаоллари Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги очиқ осмон остидаги музей – “Сармишсой” давлат музей қўриқхонасида бўлиб, тарихий маскандаги аҳвол билан танишди.
Тарихчи олим ва “Сармишсой” давлат музей қўриқхонаси илмий ходими Рамазон Эгамов бағрида 10 мингдан ортиқ петроглифларни жамлаган ушбу тарихий манзил, қоятош битиклари ҳақида маълумот берар экан, аслида аждодларимиз бу ерда бундан 7 минг йил олдин ҳам яшаганини тасдиқловчи тош асарлар борлигини, қоятош суратлари аждодларимизнинг уста рассом ва ишбилармон бўлганлигини айтиб, ушбу суратларнинг баъзилари ёмғир ёққанда кўринса, айримлари қуёш нури тик тушганда пайдо бўлишини таъкидлади.
Партия раҳбари Алишер Қодиров қоятошларга тасвирланган суратларни кўздан кечирар экан, тарихий манбаларнинг сақланиш ҳолати, ушбу манзилга келаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда ишчи-ходим ва мутахассисларнинг иш жараёнлари билан қизиқди.
– Бу ердаги битиклар, суратлар оддий эмас. Уларда қадимда шу ерда яшаган одамларнинг, яъни аждодларимизнинг маданияти, яшаш тарзи, энг муҳими, тарихи акс этган, – дейди Алишер Қодиров. – Шунинг учун ҳам бу суратларни доимо халқимизнинг бебаҳо бойлиги сифатида асрашимиз керак. Қўриқхона ҳудудини муҳофаза қилиш, ходимлар сони ва маошини ошириш, келаётган маҳаллий ва хорижий туристларга ташкил қилинаётган пуллик хизматларнинг сифат ҳамда миқдорини кўриб чиқиш зарур. Энг муҳими, одамлар онгида 7-10 минг йиллик тарихимизга бўлган муносабатни ўзгартиришимиз керак. Шу каби масалаларни тегишли тартибда “Ҳукумат соати”да кўтарамиз, Навоий вилоятидаги туризм йўналиши истиқболларини Маданий мерос агентлиги, туризм бўйича тегишли мутасаддилар билан муҳокама қиламиз.
Учрашув сўнггида депутатлар томонидан саёҳат ва дам олишга келган аҳолининг тарихий суратлар устига бўёқлар билан ўз исмларини ёзиш ҳолатининг олдини олиш, ҳудуд катталиги ва масофа узоқлигини инобатга олиб тегишли чора-тадбирлар белгиланиши юзасидан тавсиялар берилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари