Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунчилигимизда 18+ саҳналар учун қандай жавобгарликлар бор?
17:17 / 2022-02-23

Бугун хусусий телеканаллар орқали миллий ҳамда хорижий сериаллар намойиши кенг тарқалмоқда. Мазкур сериаллар сценарийсида беҳаё ҳамда жангари саҳналар аудиторияни жалб қилиш учун айрим ҳолларда кучайтирилган ҳолатда эфирга узатилмоқда. Хўш, сериалларда намойиши этилаётган ушбу саҳналар учун миллий қонунчилигимизда жазо белгиланганми?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 189-189-1-моддалари ҳамда Жиноят кодексининг 130-130-1-моддаларида порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Порнографик нарсалар деганда, порнографик асарларни (қўлёзма ёки машинада ёзилган), босма буюмларни, тасвирларни (фотосуратлар, слайдлар, киноплёнкалар, гравюралар, афиша ва бошқалар), жинсий алоқаларни, эркак ва аёл жинсий аъзоларини қўпол, натурал ҳолатда, уятсизларча, шармандали ёки бузуқ ҳолда акс эттирувчи бошқа нарсаларни тушуниш зарур.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳар бир мамлакатда «порнография» тушунчаси мазкур масалага нисбатан давлатлар ва жамиятлар қонунчилик ҳокимиятининг муносабати, уларнинг миллий анъаналари, маънавий ва диний қоидалари ва бошқа омилларга мувофиқ турлича талқин қилинади.

Материал ёки предметларнинг порнографик характерга эга эканлигини аниқлаш учун кинотанқид, психология, сексопатология, юриспруденция ва бошқа соҳалардаги махсус мутахассислар иштирокида комплекс экспертиза тайинланиши лозим бўлади.

Порнографик нарсаларни тайёрлаганлик учун жавобгарлик айбдор уларни намойиш қилиш ёки тарқатиш мақсадини кўзлагандагина юзага келади.

Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулот деганда, бадиий, илмий ёки маданий қимматга эга бўлмаган, зўравонлик ёки шафқатсизлик содир этишга ундайдиган материаллар ва нарсаларни тушуниш зарур.

Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш предмети сифатида турли асарлар, босма нашрлар, расмлар ва бошқа ҳар қандай буюмлар эътироф этилиши мумкин. Муҳими, улар шахсларни зўравонлик ёки шафқатсизлик содир этишга ундаши керак. Яъни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи санъат асарларини мазкур жиноятнинг предмети сифатида эътироф этиш учун мазкур асарлар ҳеч қандай бадиий, илмий ёки маданий қимматга ҳам эга бўлмаслиги зарур. Санъатшуносликка оид комплекс экспертиза тайинланиши лозим.

Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш айбдор уларни тарқатиш, реклама қилиш ёки намойиш этиш мақсадини кўзлаган ҳоллардагина жиноят таркибини ташкил қилади.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, агар тайинланган экспертиза хулосасига кўра хусусий телеканалларда намойиш этиладиган миллий ва хорижий сериаллардаги беҳаё ҳамда жангари саҳналарда ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари бор деб топилса, айбдор шахслар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишлари лозим.

Аброр МАМАЖОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва
коррупцияга қарши курашиш кафедраси ўқитувчиси 

ЎзА