English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунчилигимиз “Ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрлари тўғрисида”ги Конвенцияга мувофиқлаштирилади
10:11 / 2023-10-20

Келгуси етти йилга мўлжалланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида барча йўналишлар қатори қонун устуворлигини таъминлаш борасида ҳам қатор мақсад-вазифалар ўз аксини топган. Жумладан, Стратегияда шу йил миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрлари тўғрисида”ги 102-сонли Конвенциясига мувофиқлаштириш вазифаси белгиланган.

Қайд этиш жоизки, мазкур Конвенция 1952 йил 28 июнда қабул қилинган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳужжат 56 та аъзо давлат томонидан ратификация қилинган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрлари тўғрисида”ги 102-сонли Конвенцияси мазмун-моҳияти ва уни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Депутатлар, тегишли вазирликлар, Парламент тадқиқотлари институти масъуллари иштирокидаги тадбирда ушбу Конвенциянинг мазмунига алоҳида тўхталиб ўтилди:

— Конвенциянинг иккинчи бўлимида ҳимояланган шахсларнинг соғлиғи профилактик ёки даволаш хусусиятидаги тиббий хизмат кўрсатилишини талаб қилса, давлат уларга тиббий хизмат кўрсатилишини кафолатлаши шартлиги белгиланган, — деди қўмита раиси М.Хўжаева. — Конвенциянинг “Ишсизлик бўйича таъминот” номли тўртинчи бўлимида эса ҳимояланган шахсларга ишсизлик нафақаси, бешинчи “Кексалик таъминоти” номли бўлимида эса ҳимояланган шахсларга кексалик нафақаси берилиши кафолатлари кўрсатиб ўтилган. Таъкидлаш жоизки, ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрларига оид Конвенция билан белгиланган тартиб-тамойилларнинг аксарияти Ўзбекистон меҳнат қонунчилигида ўз ифодасини топган. Умуман, мамлакатимизда фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилмоқда. Мазкур Конвенцияни ратификация қилиш ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни янада кенгайтиради.

Давра суҳбатида ушбу Конвенцияни ратификация қилиш давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, миллий қонунчиликни мазкур Конвенцияга мувофиқлаштириш лозимлиги қайд этилиб, бу борадаги ишларни жадаллаштириш борасида таклиф-тавсиялар берилди.

М.Комилова, ЎзА