Бухоро вилояти адлия бошқармасида 2023 йил якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят адлия бошқармаси ва туман шаҳар (адлия) бўлимлари томонидан 2023 йил якунлари бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига 2023 йил давомида 5 449 та ариза, шикоят ва таклиф келиб тушган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 5053 таси ҳал этилган. Шундан 2940 та мурожаат ёки 58 фоизи қаноатлантирилган.
–2023 йил давомида жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида жами 141 063 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди, – дейди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Баҳронов. – Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан жами 1016 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 855 та таклиф ва 1732 та огоҳнома киритилган. Киритилган тақдимномаларга асосан интизомий жавобгарликка тортилган шахслар сони 331 тани ташкил қилган. 873 та шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2023 йил давомида фуқаролар манфаатини кўзлаб, уларнинг бузилган қонуний ҳуқуқларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга киритилган 1 034 та 36 миллиард 952 миллион 902 минг 255 сўмлик даво аризаси судлар томонидан қаноатлантирилган.
Ҳисобот даврида 20 га яқин ташкилот фаолияти ўрганилган. 123 та идоранинг 64 та статистик, 64 та норматив-ҳуқуқий ҳужжати таҳлил қилинди. Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида 13 маротаба вазирлик ва идораларга таҳлилий маълумотлар киритилди.
[gallery-15646]
2023 йил мобайнида адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жами 140 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган бўлиб, уларнинг 96 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. 38 таси эса белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган. 6 таси салбий хулоса берилган ҳолда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.
Вилоятда фаолият юритаётган жами 54 нафар нотариус томонидан лицензия талаблари ва шартларига, қонун ҳужжатларига, нотариал ҳаракатлар махфийлиги ва нотариус қасамёдига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида жами 71 маротаба назорат тадбирлари амалга оширилган. 53 нафар нотариуснинг лицензияларини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 2023 йил давомида профессионал медиаторлар реестрига кириш истагини билдириб, вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган талабгорларнинг 17 нафари профессионал медиаторлар реестрига киритилган.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини давлат хизматини кўрсатиш соҳасида назорат қилиш бўйича 7 та ташкилотда ўрганиш ҳамда 25 маротаба электрон тизим орқали мониторинг ўтказилган. Ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар давомида 17 663 та қонунбузилиш аниқланган.
Ҳисобот даврида аниқланган қонунбузилишлари юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларга 22 та тақдимнома киритилган ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишларга йўл қўйган айбдор мансабдор шахсларнинг 368 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.
Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид жами 27 та мурожаат келиб тушган ва уларга асосан жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида жами 38 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган.
Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),ЎзА мухбирлари