Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан нодавлат таълим муассасаларига тегишли чоралар кўрилди
16:03 / 2024-12-18

Рақобат қўмитасига нодавлат таълим муассасалари истеъмолчиларидан кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида нодавлат таълим хизматлари бўйича 500 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг аксарияти Тошкент шаҳридаги субъектлар ҳиссасига тўғри келади.

Бунда, энг кўп мурожаатлар “NEWTON ACADEMY KZ”, “MERIT SCHOOL”, “MyTeacher” (“MYTEACHER GROUP”) платформаси, “MY MED ACADEMY” ва бошқа ташкилотлар фаолиятига тегишлидир.

Шикоятларда таълим сифатининг қониқарсизлиги, ўқитувчилар малакасизлиги, ўқув хоналарининг шарт-шароитлари талабга жавоб бермаслиги, ўқув графигига риоя қилинмаслиги, хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилмаганлиги, таълим беришда интизом йўқлиги ҳамда юзага келган бошқа муаммолар баён этилмоқда.

Баъзи таълим муассасалари томонидан истеъмолчиларни турли йўллар билан жалб қилиш ниятида рекламаларда “Жойлар сони чекланган”, “3 ойда тил ўрганинг”, “Кафолатланган таълим” каби бўрттирилган иборалардан фойдаланилмоқда.

“Реклама тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ноаниқ, фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга зарар етказиши мумкин бўлган рекламага йўл қўйилмайди.

Қўмита томонидан мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 1,2 млрд. сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Шунингдек, лицензия талаблари ва солиқ қонунчилигини бузган, санитария қоидаларига мос ўқув шароитларини яратмаган ҳолатлар бўйича 50 га яқин ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун ваколатли органларга юборилган.

Жумладан, “NEWTON ACADEMY KZ” ўқув маркази фаолияти юзасидан кўплаб шикоятлар тушаётганлиги ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун Бош прокуратура ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юборилган.

Натижада, вазирлик томонидан ўқув маркази фаолияти текширилганда, лицензиясиз нодавлат мактабдан ташқари таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланганлиги ва ўқитувчиларнинг белгиланган сертификати мавжуд эмаслиги аниқланиб, молиявий жарима қўлланилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи субъектларни амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, лицензия талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият олиб бориши юзасидан огоҳлантиради.

Н.Раҳмонова, ЎзА