“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалининг Маҳалла истеъмолчилари билан ишлаш ҳамда Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши курашиш бўлимлари ходимлари томонидан аҳоли хонадонларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва қонунийликни таъминлаш мақсадида тизимли равишда профилактик тадбирлар, рейдлар ва манзилли ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу ишлар, аввало, энергия ресурсларидан самарали ва адолатли фойдаланишни таъминлаш, давлат мулки ҳисобланган табиий газ захираларини муҳофаза қилиш, шунингдек, аҳолига барқарор ва узлуксиз газ таъминотини йўлга қўйишга қаратилган. Мутасаддилар томонидан амалга оширилаётган бундай назорат тадбирлари қонунбузарлик ҳолатларини эрта аниқлаш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ва келгусида такрорланишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Бухоро шаҳрининг Ҳавзи нав маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Х.Э. томонидан содир этилган қонунбузарлик ҳолати текширув давомида фош этилди. Маълум бўлишича, у ўз хонадони олдидан ўтувчи марказий газ қувурига яширин тарзда уланиб, деворнинг ички қисмидан ўтказилган қувур орқали ҳисоблагични четлаб ўтиш йўли билан табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган. Бу эса нафақат қонунбузарлик, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам жуда катта хавф туғдирувчи ҳолат ҳисобланади. Олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, фуқаро томонидан ноқонуний равишда фойдаланилган 40 402,0 метр куб табиий газ учун газ таъминоти корхонасига 121 миллион 206 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Шунингдек, Ғиждувон туманининг Пахтаобод маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Т.С. ҳам қонун талабларини қўпол равишда бузган. У табиий газ учун қарздорлиги сабаб тармоқдан узиб қўйилган бўлишига қарамай, ўзбошимчалик билан яширин йўл орқали резина шланг ёрдамида газ тармоғига ноқонуний уланган. Мазкур ҳолат нафақат иқтисодий зарар, балки портлаш ва ёнғин хавфи билан боғлиқ оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли ҳолат сифатида баҳоланади. Текширув натижасида 14 844 метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланиб, 44 миллион 532 минг сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Туманнинг Хатича маҳалласида яшовчи фуқаро Р.И.нинг хонадонида олиб борилган ўрганиш ишлари давомида эса яна бир жиддий қонунбузарлик ҳолати маълум бўлди. У ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларсиз газ тармоғига уланиб, табиий газдан тадбиркорлик мақсадида фойдаланиб келган, яъни товуқхона фаолиятини ташкил қилган. Бу ҳолат ҳам қонун талабларига мутлақо зид бўлиб, ресурслардан ноқонуний ва назоратсиз фойдаланишнинг яққол намунаси ҳисобланади. Мутасаддилар томонидан амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, ушбу фуқаро 74 миллион 966 минг 400 сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган.
Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан тегишли далолатномалар ва ҳужжатлар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакилларига тақдим этилди. Қонунчиликка мувофиқ, мазкур ҳолатлар бўйича айбдор шахсларга нисбатан ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилиши таъминланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири