French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунбузарларга қарийб 500 миллион сўмлик жарима қўлланилди
13:43 / 2025-04-15

Мамлакатимизнинг бир неча ҳудудларида “Ўзэнергоинспекция” томонидан ёқилғи ва электр энергияси билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, тегишли ташкилотларга нисбатан иқтисодий санкциялар ва жарималар қўлланилмоқда.

Бухорода талабларга риоя қилмаган АЁҚШга 218,8 миллион сўмлик жарима қўлланилди. “Ўзэнергоинспекция”нинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Ромитан туманида жойлашган “Т.А.А.” МЧЖга қарашли автомашиналарга ёнилғи қуйиш шохобчасида ўрганиш ишлари олиб борилди. Текширув давомида ушбу АЁҚШда ёнилғи тарқатиш устунлари белгиланган муддатда давлат қиёслов кўригидан ўтказилмагани аниқланди. 

Ўзбекистон Республикасининг “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунининг 43-моддасига мувофиқ, мазкур қонунбузарлик учун шохобчага реализация қилинган 49 минг 352 литр автобензин ва дизель ёнилғисининг 50 фоизига тенг суммада 218,8 миллион сўм миқдорида иқтисодий санкция қўлланилди. 

 Сирдарё вилоятида “Ўзэнергоинспекция”нинг ҳудудий бошқармаси, ДХХ ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбири давомида Сирдарё туманида жойлашган "О.М.Г." МЧЖ томонидан электр энергиясидан ўзбошимчалик билан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Текширув жараёнида мазкур МЧЖ электр ҳисоблагичига ташқи таъсир кўрсатгани ва бу орқали ҳисоб-китобсиз электр энергиясидан фойдалангани маълум бўлди. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, электр таъминоти корхонасига етказилган зарар 1 миллиард 460 миллион сўмни ташкил этди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. 

Шунга ўхшаш ўрганиш тадбири “Ўзэнергоинспекция”нинг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Шовот туманида жойлашган “А-707.О.” МЧЖга қарашли ёнилғи қуйиш шохобчасида ҳам амалга оширилди. Текширув натижасида АЁҚШдаги ёнилғи тарқатиш устунлари белгиланган муддатда давлат қиёслов кўригидан ўтказилмагани маълум бўлди. 

Юқорида зикр этилган қонунга асосан  реализация қилинган 41 минг 715 литр АИ-80, 7 минг 382 литр АИ-91 ва 7 минг 575 литр АИ-92 маркали автобензин миқдорининг 50 фоизига тенг суммада 256,2 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди. 

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, энергетика ресурсларидан самарали ва қонуний фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу назорат тадбирлари эса соҳада шаффофликни таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қонунбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА