Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорда адолатли рақобатни таъминлаш ва техник меъёрларга риоя этилишини назорат қилиш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Айниқса, нефть маҳсулотларини сотиш соҳасида техник талабларга амал қилиш нафақат иқтисодий манфаат, балки жамоат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда “Ўзэнергоинспекция”нинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Зомин туманида жойлашган “L. B.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчасида (АЁҚШ) текширув ўтказилди.
Унда маълум бўлишича, ушбу АЁҚШда ёнилғи тарқатиш устунлари белгиланган муддатда давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаган. Шунга қарамасдан, улар орқали истеъмолчиларга нефть маҳсулотлари сотилган.
Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли қонунига асосан мазкур қонунбузарлик учун АЁҚШга нисбатан 71,4 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Инспекция ахборот хизматига кўра, бундай чоралар фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, бозорда шаффоф ва қонуний фаолият юритиш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА