Сирдарё иссиқлик электр станциясида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан очиқ мулоқот ва амалий семинар ташкил этилди.
Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Қомусимни билмоқ истадим” мавзусида ўтказилган семинарда иштирокчилар Конституция ва соҳадаги қонун ҳужжатлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари билан таништирилди.
Шунингдек, “Коррупция – келажак кушандаси” шиори остида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси, давлат органлари ва масъул ходимлар иштирок этишди. Шунингдек, очиқ мулоқотда коррупциянинг салбий оқибатлари, қонуний жавобгарлик ва фуқароларнинг шаффоф иш юритишдаги масъулияти муҳокама қилинди.
Семинар қатнашчилари учун интерактив савол-жавоб сессияси ҳам ташкил этилди. Бу сессияда иштирокчиларга ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва кундалик амалиётда қонунчиликни тўғри қўллаш бўйича амалий тавсиялар берилди.
– Бундай очиқ мулоқотлар ходимларимизда фуқаролик масъулияти ва қонунчиликка риоя қилиш ҳиссини мустаҳкамлайди, – дейди Сирдарё ИЭС комплаенс назорати етакчи мутахассиси Улуғбек Сариев. – Чунки ҳар бир ходим қонунлар ва ички қоидаларни тўлиқ англаб, уларни амалда қўллаш орқали ўз фаолиятларини шаффоф ва самарали олиб боришлари мумкин. Бу эса нафақат коррупциянинг олдини олишга, балки ишчи муҳитда ишонч ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА