Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун устуворлигини таъминлаш долзарб вазифа
14:55 / 2025-12-04

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни

“Ўзметкомбинат” АЖда жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, корхона фаолиятида ошкоралик ва ҳисобдорлик тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. 

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад коррупцияга қарши курашиш борасида давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни жамоатчиликка кенг тушунтириш, корхона таркибий бўлинмаларида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича йўлга қўйилган механизмлар билан таништириш ҳамда ҳуқуқий маданиятни оширишдан иборатдир. 

Тадбирда комбинат раҳбарияти, таркибий бўлинмалар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, суд ва прокуратура тизими вакиллари қатнашди. Унда ташкилотнинг Бошқарув раиси Бош директорининг маслаҳатчиси Мансур Жуманиёзов комбинатда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди. 

Қайд этилганидек, ҳозир ташкилот фаолиятининг фуқаролар ва жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш мақсадида 30 дан ортиқ турдаги ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар комбинат расмий веб-сайтига доимий равишда жойлаштирилмоқда. Очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган “Очиқлик индекси” натижаларига кўра, комбинатнинг 2024 йилдаги фаолият натижалари “яхши” деб баҳоланиб, 82,7 баллни қўлга киритди. 

Хусусан, коррупцияга қарши превентив чораларни кўриб боришда хавф-хатар юқори бўлган лавозимларда ишлаётган жами 55 нафар ходимлар пора олишга қарши менежмент тизими ISO 37001 халқаро стандарти асосида ўқитилиб, сертификат берилди. Бундан ташқари, комбинатда пора олишга қарши менежмент тизими жорий этилиб, 2024 йилда ISO 37001:2016 халқаро сертификати қўлга киритилди. 

– Агентлик томонидан комбинатнинг коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги электрон платформа орқали рейтинг баҳолашдан ўтказилиб, 70 баллни қўлга киритган ҳолда “қониқарли” деб баҳоланди. Келгусида олдимизга қўйилган стратегик мақсадлардан келиб чиқиб рейтинг баҳолашдаги кўрсаткичларни янада яхшилашни мақсад қилганмиз, – деди “Ўзметкомбинат” АЖ Бошқарув раиси – Бош директорининг маслаҳатчиси М. Жуманиёзов. 

Тадбир давомида ҳудудий Адлия бўлими мутахассислари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг амалиётда қўлланилиши ҳамда корхоналар фаолиятига татбиқ этилиш механизмлари атрофлича тушунтирилди. 

Шунингдек, Дин ишлари бўйича масъул мутахассислар томонидан жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, экстремизм ва радикал ғояларнинг олдини олишда маърифий ёндашувнинг аҳамияти юзасидан маърузалар қилинди. 

А.Мусаев, ЎзА.