Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун устуворлигини издан чиқарадиган коррупцияга қарши курашиш учун ҳар биримиз масъулмиз
14:08 / 2026-03-06

Давлатимиз раҳбарининг парламент ва халқимизга Мурожаатномасида коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид, коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнат эканлиги таъкидланди.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси Назокат Бойзоқова суд тизимида бу иллатга қарши курашиш зарурати ҳақида ўз фикрларини билдирди:  

– Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ва давлат бошқарувини халқ манфаатларига хизмат қилувчи очиқ ҳамда самарали тизимга айлантириш устувор вазифага айланган.

Бу жараёнда суднинг ролини янада ошириш, соҳада коррупцияга қарши курашиш, бу иллатга йўл қўймаслик мақсадида эса очиқлик ва шаффофликни таъминлашга эътибор кучайтирилди.  

Суд интерактив хизматлари йўлга қўйилиб, улардан шахсий алоқа воситалари орқали ва суд биноларида мустақил фойдаланиш имконияти яратилди. Судларда электрон навбат тизими ишга туширилди.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига 20 га яқин турдаги интерактив хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. «Адолат» ахборот тизимлари комплекси ишга туширилиб, суд ишларини кўриш тартиби 90 фоизгача автоматлаштирилди.  

Айни пайтда Президентимиз ташаббуси билан “Рақамли суд” концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Бунда, судга ариза беришдан олдин фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларнинг ҳисобини чиқариш йўлга қўйилади.  

Мурожаатлар судга фақатгина электрон шаклда юборилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади.  

Буларнинг барчаси судларда ҳаққоний, адолатли қарор чиқарилишига йўл очади. Коррупциявий омиллар кескин бартараф этилади.  

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жамиятда қонун устуворлиги таъминланиши учун фуқаролар ҳам масъулдир. Улар қонуний ҳуқуқларини билиши ва талаб қилиши, коррупциявий омиллар учраганда уларни бартараф этиш учун курашиши мақсадга мувофиқ.  

Зеро, бу иллатнинг ҳар қандай соҳада рўй бериши, ўша соҳанинг фаолияти ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.  

Шундай экан, ҳар биримиз жамиятдаги ислоҳотларни амалда рўёбга чиқаришга ҳисса қўшишимиз зарур. Бу юртимиз келажаги учун, фарзандларимиз фаровон яшаши учун хизмат қилади.  

Н.Абдураимова, ЎзА