Демократик тараққиётнинг ҳақиқий мезони – фуқаро ҳаётида сезиладиган адолат ва тартибдир. Давлат маблағлари сарфи очиқ бўлса, қарорлар муҳокамадан ўтса, назорат ишласа – ишонч мустаҳкамланади, натижа тезроқ кўринади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси айнан шу тамойилларни кучайтиришга қаратилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий дастур сифатида аҳамият касб этди.
Унда 2026 йил ҳамда кейинги беш йиллик учун стратегик вазифалар белгиланар экан, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, очиқлик ва ҳисобдорликни ошириш, фуқароларнинг қарор қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш масалалари ўзаро боғлиқ тизимда баён этилди.
Айниқса, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб белгиланиши Мурожаатноманинг бош ғоясини яққол кўрсатади: ислоҳотлар фақат марказда эмас, жойларда – маҳалла институти ва маҳаллий вакиллик органлари иштирокида чуқурлашиши керак. Бу ёндашув давлат ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Кучли парламент” – сиёсий қарорларнинг сифат кафолати
Демократия сифати қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг мустақиллиги, таъсирчан назорат ваколатлари ва депутатларнинг ҳақиқий вакиллик миссиясини тўлиқ бажаришига бевосита боғлиқ. Давлат Раҳбари илгари сурган ташаббуслар парламент назоратининг институционал асосларини мустаҳкамлаш, давлат молияси соҳасида ҳисобдорликни ошириш ҳамда маҳаллий даражада мувозанатни таъминлашда янги босқични бошлаб бермоқда.
Шу жиҳатдан давлат кафолати остида жалб этиладиган ташқи маблағларни парламент тасдиғидан ўтказиш амалиётини жорий этиш бюджет интизоми ва молиявий масъулият нуқтаи назаридан муҳим қадамдир. Бу ёндашув давлат қарзи масаласини фақат ижро ҳокимияти доирасида ҳал этиш билан чекламай, жамоатчилик манфаатларини ифода этувчи вакиллик органи муҳокамаси орқали қарорга айлантиришга хизмат қилади. Натижада “мақсад – самара – жавобгарлик” занжири мустаҳкамланади, стратегик лойиҳалар танлови асослироқ бўлади, иқтисодий ҳамда сиёсий ҳисобдорлик юксалади.
Шаффоф харидлар – адолатли рақобат ва тежамкор сарф
Мурожаатномада давлат харидларида тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилиш ҳолатларини фақат қонун билан чеклаш зарурлигига урғу берилди. Бу коррупция хавфларини камайтиришга қаратилган принципиал ёндашув бўлиб, парламентнинг қоидаларни белгилаш ва ижрони назорат қилиш ваколатини янада кучайтиради.
Шаффоф харид – фақат статистика эмас, кундалик ҳаёт сифатига таъсир қилувчи омил. Танлов ва рақобат тамойили кучайган сари давлат маблағлари самаралироқ сарфланади, ижтимоий лойиҳалар сифатлироқ бажарилади, жамоат манфаатига хизмат қилувчи натижа тезроқ кўринади.
Депутат сўрови – “хат-хабар” эмас, таъсирчан назорат воситаси
Депутатлик назоратининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган таклифлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Депутат сўровлари ижросиҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашлик ҳолатлари бўйича прокуратура органларига тақдимнома киритиш амалиётини йўлга қўйиш ташаббуси ижро интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу ерда асосий мақсад – депутат мурожаатига берилган жавоб қоғозда қолиб кетмаслиги, масъулиятсизлик белгилари мавжуд ҳолларда тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши ва амалий чора кўрилишини таъминлашдир. Бундай ёндашув “депутат – халқ овози” тамойилининг амалдаги таъсирини оширади.
Маҳаллий даражада мувозанат: ваколатларни ажратиш
Ҳоким ва Кенгаш раиси ваколатларини туман ва шаҳар даражасигача ажратиш ташаббуси демократик бошқарув архитектураси учун муҳим ҳисобланади. Чунки ижро ва вакиллик ваколатлари бир нуқтада жамланганда назорат механизми табиатан заифлашади.
Ваколатларни ажратиш маҳаллий Кенгашларнинг таъсирчанлигини ошириб, депутатларнинг бюджет, ижтимоий масалалар ва ҳудудни ривожлантириш дастурлари бўйича принципиал назорат олиб бориши учун янги имкониятлар яратади. Бу эса жойларда қарор қабул қилиш жараёнини мазмунан бойитади.
Рақамлаштириш – янги стандарт ва янги масъулият
Давлат бошқарувида рақамлаштириш ва шаффофликни кенгайтиришга қаратилган чоралар парламентнинг замонавий ролини талаб қилади. Ягона интеграциялашган электрон платформани янгилаш, маълумотлар алмашинувини тизимлаштириш, инсон омилини қисқартириш каби ёндашувлар қонунчилик базаси, парламент эшитувлари, соҳавий қўмиталар назорати ва депутатлик ўрганишлари билан уйғунлашгандагина тўлиқ самара беради. Шу орқали назорат далилга асосланади, натижа кўрсаткичлари бўйича таҳлил маданияти мустаҳкамланади.
Партиялар фаолияти – таклиф ва назорат сифати билан ўлчанади
Мурожаатномадаги йўналишлар сиёсий партиялар ва депутатлик гуруҳлари олдига ҳам масъулият қўяди. Демократияда рақобат фақат танқид эмас; у амалий таклиф, муқобил ечим ва қарорлар ижросини доимий назорат қилиш орқали намоён бўлади. Шу боис партиялар фаолияти мазмуни депутатларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, таҳлилий салоҳияти ва фуқаролар билан мулоқоти орқали баҳоланади.
Мурожаатномада белгиланган ташаббуслар демократияни мазмунан бойитишга хизмат қилади: парламент назоратини кучайтириш, давлат молиясида масъулиятни ошириш, маҳаллий даражада ваколатлар мувозанатини таъминлаш, депутат сўровининг таъсирчанлигини юксалтириш ҳамда рақамлаштириш орқали очиқликни мустаҳкамлаш шулар жумласидандир.
Энг муҳими, бу ташаббусларнинг ҳаётга татбиқи давлат идоралари билан бир қаторда депутатлар, сиёсий партиялар ва жамоатчиликнингҳам масъулияти ва доимий мулоқотига боғлиқ.
Бахтиёр Абдуллаев,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази бўлим бошлиғи