English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун устуворлиги жиноий босимни заифлаштиришга хизмат қилади
16:22 / 2026-01-23

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг хавфсизлигини кафолатлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилди.

Ушбу нутқда илгари сурилган ғоялар инвестиция муҳитини мустаҳкамлаш билан бевосита боғлиқ бўлиб, айниқса, иқтисодиётга жиддий зарар етказаётган жиноий босим ва рекет ҳолатларига нисбатан муросасиз позиция билан ажралиб туради.

Тошкент давлат юридик университети Тадбиркорлик ва корпоратив ҳуқуқ шўъбаси катта ўқитувчиси Нурбек Тошканов бу борада батафсил тушунтириш берди:

– Президентимиз Мурожаатномасида тинчлик ҳукм сурган, қонун устувор бўлган ва фуқароларнинг хавфсизлиги ишончли таъминланган жойга инвестиция келиши, туризм ва тадбиркорлик ривожланиши аниқ таъкидланди.  

Бу фикр инвестиция ҳуқуқи ва иқтисодий назарияда тан олинган фундаментал қоидани – капитал ҳуқуқий ишончни излайди, деган тамойилни тасдиқлайди. Инвестор учун асосий мезон юқори даромад эмас, балки сармоянинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлиги ва давлат томонидан кафолатланган барқарор муҳит ҳисобланади.

Шу билан бирга, Мурожаатномада иқтисодиёт ва инвестиция муҳитига таҳдид солаётган салбий ҳолатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўзини қонундан устун қўйиб, тадбиркорларга босим ўтказаётган, уларнинг бизнесини эгаллаб олишга уринаётган, мураккаб молиявий жиноятлар содир этаётган ва ноқонуний тарзда “қози”лик қилаётган жиноий тўдалар мавжудлиги очиқ танқид қилинди. Мазкур ҳолатлар ҳуқуқий адабиётларда “рекет” (товламачилик ва зўравонликка асосланган иқтисодий босим) тушунчаси билан изоҳланади.

Рекет инвестиция муҳитининг энг хавфли душманларидан бири бўлиб, у эркин бозор механизмларини издан чиқаради, тадбиркорлик ташаббусини бўғади ва капитал оқимини тўхтатади. Рекет мавжуд бўлган муҳитда инвестор нафақат молиявий, балки жисмоний ва репутацион хавфларни ҳам ҳисобга олишга мажбур бўлади. Шу боис, халқаро инвестиция амалиётида рекет ва жиноий босим мавжуд давлатлар юқори рискли юрисдиксия сифатида баҳоланади.

Президентимизнинг Мурожаатномасида айрим “билагида кучи бор” шахсларнинг “осон пул топиш” илинжида жиноий гуруҳларга қўшилиб қолаётгани алоҳида ачиниш билан тилга олинди. Бу ҳолат рекетнинг ижтимоий илдизларига ҳам ишора қилади. Яъни, рекет фақат жиноят-ҳуқуқий муаммо эмас, балки ёшлар онгида куч ва зўравонлик орқали манфаатга эришиш мумкин, деган хавфли стереотипнинг шаклланиши билан боғлиқ ижтимоий хатардир.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларидан иборат айрим жиноий гуруҳларнинг хорижий давлатларда ҳам фаолият юритаётгани мамлакатнинг халқаро обрўсига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Бу эса инвестиция оқимларига бевосита таъсир қилувчи репутацион омил сифатида муҳим аҳамиятга эга. Чунки, замонавий инвестиция қарорларида давлатнинг ички ҳуқуқий муҳити билан бир қаторда унинг халқаро имижи ҳам муҳим рол ўйнайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан “бундай жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади ва буни албатта қиламиз”, деган қатъий позициянинг билдирилиши инвесторларга аниқ сиёсий-ҳуқуқий сигнал бўлиб хизмат қилади. Ушбу баёнот давлатнинг қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишида аниқ позицияга эга эканлигини кўрсатади.

Мурожаатномада Ўзбекистонда фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳимоя қиладиган Конституция ва қонунлар мавжудлиги алоҳида урғу билан таъкидланди. Бу жиҳат инвестиция ҳуқуқининг асосий принципларидан бири бўлган қонунийликка амал қилиниши қатъий таъминлаб борилишини англатади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг Мурожаатномаси қонун устуворлигини мустаҳкамлаш орқали инвестиция оқимларини барқарор таъминлаш ғоясини марказий давлат вазифаси сифатида белгилади. Инвестиция муҳити барқарорлиги кўп жиҳатдан мазкур соҳада қонунийлик принципининг қай даражада ишлашига боғлиқдир. Албатта, бунда рекет ва жиноий босимга қарши муросасиз курашсиз инвестиция муҳити барқарор бўла олмайди. Шу боис, қонун устуворлиги – нафақат ҳуқуқий тартиб, балки инвестиция оқимларининг энг мустаҳкам ва ишончли кафолати ҳисобланиши, шубҳасиз.  

Гулноза Бобоева, ЎзА